Forbes рейтинги: дунёнинг энг бадавлат 20 инсони

Lifestyle 20 Март 2017 58678

Билл Гейтс 2017 йилда ҳам сайёрамизнинг энг бой одамлари рейтингига бошчилик қилмоқда. Унинг дўсти  Уоррен Баффет 2-ўринни эгаллаган, Жефф Безос эса биринчи марта етакчи учликка кира олди.

АҚШнинг Forbes журнали 20 март куни доллардаги миллиардерларнинг ҳар йили чоп этилувчи жаҳон рейтингини янгилади. Бу рейтинг ҳисоб бўйича 31-рейтинг бўлди. 2016 йилда миллиардерлар сони илк марта 2 минг кишидан ошиб кетди. Бир йил ичида бойлиги миллиард доллардан кўпроқ бўлган одамлар сони 1810 кишидан 2043 кишигача, яъни 13 фоизга ошди. Дунёнинг энг бадавлат инсонларининг умумий бойлиги эса 18 фоизга ошиб, 7,67 трлн долларга етди.

Гейтс кетма-кет 4-йил дунёнинг энг бадавлат одами деб топилди. Унинг бойлиги бир йил ичида 75 млрд доллардан 86 млрд долларгача ошган. Баффетнинг бойлиги эса шу давр ичида 14,8 млрд долларга ошди ва унга 2-ўринни эгаллашга имкон берди. Amazon асосчиси Безос аввалги йилги 5-ўриндан 3-ўринга кўтарилди. Унинг бойлиги 72,8 млрд долларга баҳоланган. 

Қуйида Forbes рейтингига кирган 20 нафар энг бой одам ҳақида маълумотлар келтирилган.

1. Билл Гейтс

Фото: Seth Wenig / AP / TASS

Бойлиги: 86 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 11 млрд доллар
Бойлик манбаи: Microsoft
Ёши: 61
Давлати: АҚШ

Forbes талқинига кўра, Билл Гейтс кетма-кет 4-марта ва охирги 23 йил ичида 18-марта дунёнинг энг бой одами бўлди. 40 йилдан кўпроқ вақт олдин Гейтс дўсти Пол Аллен билан дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик корпорация – Microsoft’га асос солган. Ҳозирда Гейтс ўзининг қадрдон компаниясининг бор-йўғи 3 фоиз акциясига эгалик қилади, бу эса унинг бойлигининг 13 фоизини ташкил қилади. 

Гейтс даромад оладиган бошқа компаниялар орасида Канада миллий темир йўли, АҚШнинг Deere & Co машинасозлик компанияси, чиқиндиларни қайта ишловчи Republic Services компанияси, AutoNation автодилери бор. 2016 йилда Гейтс сармоячилар жамоаси, жумладан Amazon асосчиси Жефф Безос билан 1 млрд долларлик Breakthrough Energy инвестиция жамғармасини ташкил этган.

2. Уоррен Баффет

Фото: John Peterson / AP / TASS

Бойлиги: 75,6 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 14,8 млрд доллар
Бойлик манбаи: Berkshire Hathaway
Ёши: 86
Давлати: АҚШ

2016 йилда дунёнинг энг бадавлат ва машҳур сармоячиси Уоррен Баффет яна 15 млрд долларга бойиди ва бу унга Forbes рейтингининг 2-ўринига қайтишга ёрдам берди. Баффетнинг Berkshire Hathaway холдинги 60 дан кўпроқ компания, жумладан Geico, Dairy Queen ва Fruit of the Loom ва бошқаларда улушга эга. Миллиардер, шунингдек, Wells Fargo, IBM ва Coca-Cola компанияларига сармоялар киритган. 

Уоррен ўзининг биринчи сармоясини 11 ёшида амалга оширган. У отасидан қарзга олинган пулларга Cities Service Preferred компаниясининг 3  дона акциясини сотиб олган ва кейин уларни қимматроққа сотган. Бироқ у 38 долларга олиб, 40 долларга сотган бу акциялар нархи кейинроқ 200 долларгача кўтарилиб кетган. Баффетнинг айтишича, ҳаёт ўшандаёқ унга сармоя қилишнинг биринчи сабоғини берган, яъни сабр-тоқат албатта мукофотланади.

3. Жефф Безос

Фото: Blue Origin / Zuma / TASS

Бойлиги: 72,8 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 27,6 млрд доллар
Бойлик манбаи: Amazon.com
Ёши: 53
Давлати: АҚШ

Жефф Безосга жорий йилда ҳаммадан кўпроқ омад кулиб боқди. У яратган Amazon компанияси акциялари 67 фоизга қимматлашиб, унга қўшимча 28 млрд доллар фойда келтирди. Онлайн-ретейлер капиталлашувининг бундай кескин ўсиши Безосга сайёрамизнинг энг бой одамлари рейтинги етакчи учлигидан илк бор ўрин олишга имкон берди. 

Коинот саёҳатлари охирги йилларда Безоснинг бош эҳтиросига айланган. Унинг Blue Origin аэрокоинот компанияси кўп маротаба фойдаланишга мўлжалланган ракеталарни ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 

4. Амансио Ортега

Фото: Iago Lopez / AP / TASS

Бойлиги: 71,3 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 4,3 млрд доллар
Бойлик манбаи: Zara
Ёши: 80
Давлати: Испания

Ортега Европанинг энг бой одами ва дунёдаги энг бадавлат ретейлердир. Унинг бойлиги манбаи Zara компаниясидаги улуши ҳисобланади. 2016 йилда компания акциялари 14 фоизга қимматлашган, бу эса Ортегага қўшимча 4,3 млрд доллар келтирган. Бироқ Безос ва Баффетнинг ишлари ўтган йил анча яхшироқ кечгани сабаб Ортега рейтингда 2-ўриндан 4-ўринга тушиб кетган.

Ортега Zara компаниясини 1975 йилда ўзининг биринчи рафиқаси Розалия Мера билан ташкил этган. Ортега компаниядан ҳар йили 400 млн доллардан кўпроқ дивиденд олади ва уларни Нью-Йорк, Мадрид, Барселона, Лондон, Чикаго, Майамидаги кўчмас мулкка сармоя қилади.

5. Марк Цукерберг

Фото: Imago / TASS

Бойлиги: 56 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 11,4 млрд доллар
Бойлик манбаи: Facebook
Ёши: 32
Давлати: АҚШ

Марк Цукерберг Facebook ижтимоий тармоғига 2004 йилда 19 ёшида асос солган. Цукерберг компанияси деб нуфузли Гарвард университетидаги ўқишини ташлаб кетган. Бироқ айнан ижтимоий тармоқ уни мультимиллиардерга айлантирди. Цукерберг учун 2016 йил айниқса омадли келди, унинг компанияси акциялари қимматлашиши унга қўшимча 11,4 млрд доллар келтирди.

2015 йилда Марк рафиқаси Присцилла Чан билан ота-она бўлиш бахтига муяссар бўлишган. Жуфтлик ўзларининг Facebook’даги улушларининг 99 фоизини хайрия мақсадларига ажратишга ваъда қилишган. 2017 йилда жуфтлик иккинчи фарзанд кутаётганини маълум қилди.

6. Карлос Слим Элу

Фото: Dario Lopez-Mills / AP / TASS

Бойлиги: 54,5 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 4,5 млрд доллар
Бойлик манбаи: телекоммуникациялар
Ёши: 77
Давлати: Мексика

Карлос Слим Элу ҳамон Мексиканинг энг бой одами бўлиб қолмоқда, бироқ Forbes рейтингининг етакчи бешлигидан чиқиб кетди. Ва бу 12 йил ичида биринчи марта юз берди. 

Слим оиласи билан Лотин Америкасидаги энг йирик уяли алоқа оператори – America Movil компаниясини назорат қилади. Слим, шунингдек, қурилиш, риелторлик, тоғ-кон ва истеъмолчилик маҳсулотлари соҳаларидан ҳам даромад олади. Унга, шунингдек,  The New York Times нашрининг 17 фоиз акцияси тегишли.

7. Ларри Эллисон

Фото: Eric Risberg / AP / TASS

Бойлиги: 52,2 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 8,6 млрд доллар
Бойлик манбаи: Oracle
Ёши: 72
Давлати: АҚШ

Истеъдодли дастурчи иккита университетда таълим олган, бироқ улардан иккисини ҳам тугатмаган. Эллисон меҳнат фаолиятининг бошида Марказий разведка бошқармасида ишлашига ҳам тўғри келган.

1977 йилда Эллисон Oracle компаниясига асос солган, айнан шу компания уни миллиардер бўлишга олиб келган. У 2014 йилда компаниянинг бош директори лавозимидан кетган, бироқ директорлар кенгаши раиси ва технологияларни ривожлантириш директори лавозимларини ўзида сақлаб қолган.

У елканли спорт фанати бўлиб, АҚШдаги шу спорт туридаги мусобақаларнинг йирик ҳомийларидан бири ҳисобланади. Тадбиркор хайрия ишлари билан фаол шуғулланади. У 2016 йилда Жанубий Калифорния университетига саратонга қарши дори-дармон яратиш учун 200 млн доллар ажратишга ваъда берган.

8. Чарльз Кох

Фото: Getty Images

Бойлиги: 48,3 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 8,7 млрд доллар
Бойлик манбаи: Koch Industries
Ёши: 81
Давлати: АҚШ

Чарльз Кох укаси Дэвид билан Koch Industries оилавий холдингига эгалар. 100 млрд долларлик тушумга эга компания АҚШнинг энг йирик хусусий компаниялари рўйхатида 2-ўринни эгаллайди. Кўп тармоқли холдингнинг тарихи нефтни қайта ишловчи заводдан бошланган. Заводга Кохларнинг отаси асос солган.

Қария Чарльз 1967 йилдан бери Koch Industries’да директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаб келади, компаниянинг жадал ўсиши айнан унинг хизматидир. Ака-ука Кохлар АҚШ сиёсати, хайр-саховат ва бизнесида энг нуфузли шахслар ҳисобланадилар. 

9. Дэвид Кох

Фото: Reuters

Бойлиги: 48,3 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 8,7 млрд доллар
Бойлик манбаи: Koch Industries
Ёши: 76
Давлати: АҚШ

Дэвид Кох акаси Чарльз билан бирга Koch Industries оилавий холдингига эгалар. Холдинг нефтни қайта ишлаш, нефть қувурлари қуриш, стаканчалар ва қоғоз сочиқлар ҳамда бошқа кўплаб буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 

Республикачи Чарлз ва Дэвид Кох ўз партияларининг асосий ҳомийларидан ҳисобланишади. 

10. Майкл Блумберг

Фото: Thibault Camus / AP / TASS

Бойлиги: 47,5 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 7,5 млрд доллар
Бойлик манбаи: Bloomberg LP
Ёши: 75
Давлати: АҚШ

Нуфузли тадбиркор ва Нью-Йоркнинг собиқ мэри бўлган Блумберг ўз фаолиятини 1966 йилда Уолл-стритда бошлаган. Блумберг Salomon Brothers банкида 15 йил ишлаган. У банкдан бўшатилгач, молиявий маълумотлар тақдим қилувчи Bloomberg LP компаниясини ташкил қилган.

У 2001-2014 йиллар давомида Нью-Йорк мэри бўлган. Блумберг бу лавозимдан 2014 йилда кетгач, ўзининг компаниясига қайтган. Блумберг ҳам хайрия ишлари билан шуғулланади. У турли мақсадлар учун 4 млрд доллар хайрия қилган.

11. Бернар Арно

Фото: Lionel Guericolas / Zuma / TASS

Бойлиги: 41,5 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 7,5 млрд доллар
Бойлик манбаи: ҳашамат буюмлари
Ёши: 68
Давлати: Франция

Бернар Арно — Louis Vuitton Moët Hennessy компаниялар гуруҳи президенти. Бу гуруҳ 70 та брендни, жумладан Dom Perignon, Bulgari, Louis Vuitton, Sephora ва Tag Heuer ҳамда 3900 дўконни назорат қилади.

Арно компанияга 1989 йилдан бери бошчилик қилади. 2016 йилда холдинг савдолари 5 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 37,6 млрд еврога етган.  Унга қарашли Christian Dior ва LVMH акциялари охирги йил ичида мос равишда 20 ва 29 фоизга қимматлашган.

Бунинг эвазига Арно бойлиги 7,5 млрд долларга ошган ва у энг бой одамлар рейтингида 14-ўриндан 11-ўринга кўтарилган. Бу Арно учун 2013 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

12. Ларри Пейж

Фото: Andrew Kelly / Reuters

Бойлиги: 40,7 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 5,5 млрд доллар
Бойлик манбаи: Google
Ёши: 43
Давлати: АҚШ

Ларри Пейж Google’га эгалик қилувчи Alphabet компанияси бош директори лавозимини эгаллайди. Пейж Google қидирув тизимига 1998 йил Стэнфорд университети талабаси Сергей Брин билан асос солган. 2016 йилда Google акциялари нархи 18 фоизга кўтарилиб, Пейжга 5,5 млрд доллар келтирди.

ОАВ маълумотларига кўра, Пейж учар автомобиллар яратишга ихтисослашган иккита махфий стартап – Zee.Aero ва Kitty Hawk’ни молиялаштиради.

13. Сергей Брин

Фото: Tony Avelar / AP / TASS

Бойлиги:  39,8 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: +  5,4 млрд доллар
Бойлик манбаи: Google
Ёши: 43
Давлати: АҚШ

Брин Alphabet президенти лавозимини эгаллайди. Брин 2016 йилда Google’нинг 760 млн та акциясини сотиб юборган.

Брин келиб чиқиши Собиқ иттифоқдан бўлиб,  АҚШнинг энг бой муҳожири ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг аксилмиграцион ташаббусларининг энг ашаддий танқидчиларидан ҳисобланади.

14. Лилиан Бетанкур

Фото: Charles Platiau / Reuters

Бойлиги: 39,5 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 3,4 млрд доллар
Бойлик манбаи: L'Oreal
Ёши: 94
Давлати: Франция

Лилиан Бетанкур дунёнинг энг бой аёли бўлиб, фарзандлари билан бирга L'Oréal компаниясининг 33 фоизига эгалик қилади. Ўтган йил холдинг акциялари 17 фоизга қимматлашиб, Бетанкурнинг бойлигини 3,4 млрд долларга кўпайтирган.

Пардоз-андоз воситалари ишлаб чиқарувчи L'Oréal компанияси Бетанкурнинг отаси Евгений Шуллер томонидан 1907 йилда яратилган. 2011 йилда кексалик туфайли ақли заифликка учраган Бетанкур қизи Франсуаза Мейерс-Бетанкур қарамоғига ўтказилган. 2012 йилда компания раҳбари лавозимини Лилианнинг набираси Жан-Виктор Мейерс эгаллаган.

15. Робсон Уолтон

Фото: Sarah Bentham / AP / TASS

Бойлиги: 34,1 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 2,2 млрд доллар
Бойлик манбаи: Walmart
Ёши: 72
Давлати: АҚШ

Роб Уолтон Walmart дўконлар тармоғи асосчиси Сэм Уолтоннинг тўнғич ўғли бўлиб, у компанияни 1992 йилда отаси вафотидан кейин 23 йил бошқарган. 2015 йилда унинг компаниядаги директорлар кенгаши раиси лавозимини куёви Грег Пеннер эгаллаган.

Компания акциялари 2016 йилда 5 фоизга қимматлашган. Роб Уолтон оиласига Walmart‘нинг ярмидан кўп акцияси тегишли.

16. Жим Уолтон

Фото: Getty Images

Бойлиги: 34 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 400 млн.
Бойлик манбаи: Walmart
Ёши: 68
Давлати: АҚШ

Жим Уолтон — Walmart дўконлар тармоғи асосчиси Сэм Уолтоннинг кенжа ўғли бўлиб, у Arvest Bank оилавий банкини бошқаради.

Жим Уолтон Walmart директорлар кенгаши таркибида 10 йилдан кўпроқ бўлган ва 2016 йилда ўз ўрнини ўғли Стюартга топширган. Умумий ҳисобда Жим ва Сэм Уолтоннинг қолган ворислари Walmart акцияларининг ярмидан кўпроғига эгалик қилади.

17. Алиса Уолтон

Фото: Danny Johnston / AP / TASS

Бойлиги: 33,8 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 1,5 млрд доллар
Бойлик манбаи: Walmart
Ёши: 67
Давлати: АҚШ

Алиса Уолтон — Walmart асосчисининг ягона қиз фарзанди. Walmart’да ишлаган акаларидан фарқли, Алиса санъат соҳасидаги лойиҳаларга қизиқиш билдиради.

Алиса Уолтон 2011 йилда оиласининг она шаҳри бўлган Бентонвилл шаҳрида Crystal Bridges музейини очган. Музейда Энди Уорхол, Норман Роквелл ва Марк Ротко каби рассомларнинг ишлари намойиш қилинади. Унинг санъат асарлари коллекцияси юз миллионлаб долларга баҳоланади.

18. Ван Цзяньлинь

Фото: Thomas Peter / Reuters

Бойлиги: 31,3 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 2,6 млрд доллар
Бойлик манбаи: кўчмас мулк, кўнгилочар соҳа
Ёши: 62
Давлати: Хитой

Ван Цзяньлинь охирги 4 йилдан бери Хитойнинг энг бой одами бўлиб келмоқда. Цзяньлинь ўз бойлигини меҳмонхоналар, уй-жой ва савдо марказлари қуриш орқали тўплаган. Унга қурилиш соҳасида фаолият юритувчи Dalian Wanda Group компанияси тегишли.

Компания 2016 йилда 3,5 млрд долларга АҚШнинг Legendary Entertainment кинокомпаниясини, 2012 йилда эса AMC Entertainment кинотеатрлари тармоғини 2,6 млрд долларга сотиб олган.  

Бир вақтнинг ўзида Цзяньлинь Хитойнинг кўнгилочар саноатига сармоя киритади. 2016 йилда компания Наньчан шаҳрида 3 млрд долларлик тематик боғлар мажмуаси Dalian Wanda-City’ни очганди. У яна шундай мажмуадан 20 тасини қурмоқчи.

19. Ли Кашин

Фото: Vincent Yu / AP / TASS

Бойлиги: 31,2 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 4,1 млрд доллар
Бойлик манбаи: турли соҳалар
Ёши: 88
Давлати: Гонконг

Ли Кашин Гонконгнинг энг бадавлат одами бўлиб, унга Cheung Kong Property девелопер компанияси тегишли. Охирги бир йил ичида компания акциялари 31 фоизга қимматлашган. 

Ли Кашин Осиёдаги энг йирик сармоячилардан биридир. У охирги 5 йил ичида Европа компанияларига 28 млрд доллар сармоя қилган. Ли Кашин бизнесига портлар, коммунал хизматлар кўрсатиш, телекоммуникация, кўчмас мулк, улгуржи савдо соҳалари киради. Миллиардер қўлида 50 дан кўпроқ давлатда 310 мингдан кўпроқ одам ишлайди.

20. Шелдон Адельсон

Фото: John Locher / AP / TASS

Бойлиги: 30,4 млрд доллар
Бир йил ичидаги ўзгариш: + 5,2 млрд доллар
Бойлик манбаи: казино
Ёши: 83
Давлати: АҚШ

Шелдон Адельсон АҚШда казино бозоридаги энг йирик компания Las Vegas Sands’ни бошқаради. Компания акциялари бир йил ичида 23 фоизга қимматлашган.

Адельсон хорижий давлатларга фаол сармоя қилади. 2016 йилда Las Vegas Sands Макаода янги курорт очган. Ушбу лойиҳа қиймати 2,9 млрд долларни ташкил қилган. 

Адельсон АҚШ президенти Дональд Трампга яқин одамлардан ҳисобланади. У Трампнинг сайловолди кампаниясига 5 млн доллар ажратган.

Литвалик ва уэльслик муҳожирлар фарзанди бўлган Адельсон камбағалликда катта бўлган. Бўлажак миллиардер газеталар сотиш орқали пул ишлай бошлаган. Адельсон амакисидан олган 200 доллар қарз эвазига 12 ёшида биринчи савдо нуқтасини  очган.

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 20300 Lifestyle
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 23678 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 12126 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 13111 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 42391 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 53525 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 48049 Lifestyle
ОАВ: Барселонадаги теракт ижрочиси ҳужумдан 4 кун аввал Парижга борган
17:59 297 Жаҳон
Мактаб ва поликлиникалардаги бухгалтериялар қисқартирилади
17:57 752 Жамият
КХДР Гуам оролига уюштириладиган тахминий ҳужум  видеосини тақдим этди
17:55 729 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар