Гананинг марказий қисмида дарёда чўмилиш вақтида катта синфларнинг камида 20 нафар ўқувчиси уларни дарахтлар босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлдилар. Бу ҳақда "Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар бермоқда.    

Воқеа сайёҳлар орасида оммалашган Кинтампо шаршарасида юз берган. Миллий ўт ўчириш хизмати вакилининг маълум қилишича, ўсмирлар чўмилаётганда довул бошланган ва кучли шамол дарахтларни қўпориб юборган.

"Улар дарёда чўмилишаётганда довул бошланган ва кучли шамол бир нечта дарахтларни қўпориб юборган. Дарахтлар ўсмирлардан бир нечасининг устига тушган", деб айтди манба.

Ҳалок бўлган ўқувчилардан 18 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, яна 2 нафари шифохонада жон берган. Яна 11 киши, жумладан 10 нафар ўсмир ва уларга ҳамроҳлик қилган мактаб маъмурияти вакили шифохонада қолмоқдалар.