Видео: Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклади

Ўзбекистон 20 Март 2017 33364

Бугун Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғида Наврўз сайли бўлиб ўтди. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев кенг жамоатчилик вакиллари, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари иштирокида мазкур сайлда қатнашди. Давлат телеканаллари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган жараёнда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Наврўз табригини йўллади.

Азиз ватандошлар!

Она диёримизга, барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам кириб келмоқда.

Ана шу улуғ айём – шарқона янги йил билан, каттаю кичик барча юртдошларимизни, чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Муҳтарам дўстлар!

Бу йилги Наврўз байрами, барча шаҳар ва қишлоқларимизда, умумхалқ сайиллари тарзида ўтаётгани, унга ўзгача файз ва шукуҳ бағишламоқда.

Наврўз руҳи ва фалсафаси “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг ғоя ва мақсадлари билан уйғун ва ҳамоҳанг равишда намоён бўлмоқда.

Эл-юртимиздаги азиз инсонлар бир-бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда Наврўз байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқда. 

Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда. 

Ҳурматли юртдошлар!

Бугун фидойи деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан янги мавсумни бошламоқдалар. Барчамиз уларни чин дилдан табриклаб, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.

Наврўзи олам Ватанимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун, бутун халқимиз учун энг суюкли байрамдир.

Бугун биз юртимизда мана шундай қутлуғ байрамни нишонлаш баробарида, бутун дунёда тинчлик ва хотиржамлик бўлишини,  узоқ ва яқин барча давлатларнинг халқларига тараққиёт, фаровонлик ҳамда равнақ тилаймиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Барчангизни Наврўз айёми билан яна бир бор табриклаб, ўзимнинг қалбимдаги энг самимий тилакларимни изҳор этаман.

Наврўзи олам юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!

Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин!

Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин!

Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Наврўз байрами, барчамизга муборак бўлсин!

Кун янгиликлари
Видео: Ҳайдовчилар шантажчи пиёдадан эҳтиёт бўлинг!
13:28 38668 Жамият
Ҳаётга ташналик акс этган суратлар
21:21 / 21.05.2017 37883 Lifestyle
Бемор қизчага ёрдам керак. Ҳар эшикдан қайтарилган оила учун хайрия акцияси
19:25 / 16.05.2017 102915 Жамият
Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев Ўзбекистонга келди
Трамп Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўла олмаслигини айтди
22:03 931 Жаҳон
Америкалик "Титаник"даги плагиат учун Жеймс Кэмерондан 300 миллион доллар талаб қилмоқда
Украиналик чегарачилар Қримда бўлган ўзбекистонликларни Украинага қўйишмади
Фотосаёҳат: Янги муҳташам “Новомосковская” биносининг очилиш маросими
21:31 3032 Жамият
«Сандерленд» Мойесни ишдан бўшатди
21:27 855 Спорт
Май бошида вафоти эълон қилинган Туркманистон бош вазири ўринбосарининг ўлими сабаби маълум қилинди
21:26 4785 Жамият
Кўпроқ янгиликлар