Ўзбекистон дунёнинг энг бахтли давлатлари рўйхатида нечанчи ўринни эгаллади?

Ўзбекистон 20 Март 2017 79552

Норвегия дунёнинг аҳолиси энг бахтли бўлган давлати деб тан олинди. Бу ҳақда БМТ буюртмасига кўра Sustainable Development Solutions Network ташкилоти томонидан Халқаро бахт куни – 20 мартга атаб тайёрланган бахт бўйича Жаҳон ҳисоботида айтилади.

Бахт даражаси бўйича иккинчи ўринда - Дания, ундан кейинги поғоналардан эса Исландия, Швейцария, Финляндия, Нидерландия, Канада, Янги Зеландия, Австралия ва Швеция жой олган. Германия 16-поғонада, Буюк Британия – 19, Франция эса – 31-ўринда. Рейтингнинг энг охирги поғоналаридан Руанда, Сурия, Танзания, Бурунди ва Марказий Африка Республикаси жой олган.

Ўзбекистон рейтингда 47-ўринда жойлашди, ундан кейинги поғоналардан эса Италия (48), Россия (49) ва Япония (51) каби давлатлар жой олди. 

Қўшма Штатлар жаҳон бахт рейтингида 14-ўринни эгаллади. Ташкилот раҳбари – ҳисобот муаллифи Жеффри Сакснинг фикрича, бу АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп иқтисодий сиёсати чоралари билан боғлиқ. "Улар (Трампнинг иқтисодий чоралари – таҳ.) тенгсизликни кучайтиришга қаратилган – юқори даромадлар учун солиқларни қисқартириш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги сарф-харажатлар бўйича молиялаштиришни камайтириш, камбағал кишиларга бепул тушликлар етказиб бериш бўйича дастурга ажратилаётган маблағларнинг пасайиши ҳамда ҳарбий харажатларнинг ортиши. Ўйлашимча, ҳаммаси нотўғри йўналишда кетмоқда", - деди у.

"Бахтли давлатлар – бу моддий фаровонлик ва ижтимоий капитал ўртасидаги соғлом нисбатга эга мамлакатлардир", - дея ҳисоблайди Жеффри Сакс.

Ҳисоботда олтита омил эътиборга олинди – аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми, умр кўриш давомийлиги, мураккаб вазиятлардаги ижтимоий кўмак, ишонч (ҳукуматга), кишилар томонидан қарорларнинг эркин қабул қилиниши, шунингдек сахийлик.

Кўпроқ янгиликлар