АҚШнинг Жанубий Калифорния университетида талабалар томондан йиғилган Fathom II ракетаси талабалар жамоалари томондан ясалган ракеталар орасида баландликка учиш бўйича жаҳон рекорди ўрнатди. Маълум қилинишича, ракета Нью-Мексико штатидаги "Америка" деб номланган хусусий космодромдан учирилган ва 44 км баландликка эриша олган.

Ракета 3 ой йиғилган. Бу вақт давомида талабалар нафақат ракетанинг дизайнини, балки парвоз вақтида ерга маълумотларни узатиш учун авионикасини ҳам ишлаб чиқишган. "Ракетани учиришдан мақсад атмосфера ва коинот ўртасидаги шартли чегара саналувчи  Карман чизиғига эришиш бўлмаганди. Мақсад унгача бўлган масофанинг ярмидан юқорироққа, яъни 55 км баландликка кўтарилиш бўлганди. Жамоанинг аввалги рекорди 19 км бўлган", дейилган хабарда. 

Ракета парвоз вақтида товуш тезлигидан 4 марта каттароқ тезлик билан учган ва учирилган жойидан 11 км узоқликда парашютда қўнган. Бу парвоз аввал АҚШнинг Delft Aerospace Rocket Engineering (21 км) жамоаси ва HyEnD немис жамоаси (30 км) томондан ўрнатилган баландлик рекордларини ортда қолдирди.