Япония Хитойнинг ҳарбий фаоллиги ортишига қарши йўналтирилган ҳамда АҚШ, Буюк Британия ва Франция билан ҳамкорликдаги ҳарбий-денгиз машқларида иштирок этишини тасдиқлади. Бу минтақада Иккинчи жаҳон урушидан сўнг энг йирик машқларга айланади, деб хабар бермоқда Киодо агентлиги.

Франция президенти Франсуа Олланднинг Япония бош вазири Синдзо Абэ билан Парижда бўлиб ўтган музокараларида Япониянинг тўрт томонлама машқлардаги иштироки “жуда муҳим воқеа” деб аталди.

Хабарларга кўра, қирғоққа чиқиш билан кечадиган машқлар майнинг иккинчи ва учинчи ҳафтасида, Тинч океанининг ғарбий қисмида ўтказилиши режалаштирилган ҳамда у Хитойнинг минтақадаги ҳарбий кенгайишига қарши қаратилган. Япония ва қатор бошқа давлатлар Пекиннинг фаоллиги у ердаги хавфсизлик ва кемаларнинг эркин ҳаракатланишига таҳдид қилишидан хавотирда.

Франция машқларга “Мистраль” туркумидаги йирик крейсерни жўнатади. Киодонинг хабар беришича, япониялик етакчи Олланд билан Ҳинд ва Тинч океани жаҳон ҳамжамиятига тегишли экани ва кемалар ҳаракати хавфсизлиги борасида кўмакка муҳтож экани ҳақидаги фикрга қўшилган.

Япония ва Франция етакчилари шунингдек атом энергияси ва хавфсизлик соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишни режалаштиришган.

Абэнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, икки мамлакат ASTRID лойиҳаси доирасида тезкор нейтронлардаги реакторни ишлаб чиқишда биргаликда иштирок этади. Бундан ташқари, икки давлат етакчилари махсус келишувни имзолаш маросимида иштирок этишди, унга кўра Япониянинг Mitsubishi Heavy Industries ва Japan Nuclear Fuel корпорациялари Франциянинг АЭСлар учун реакторлар яратиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи AREVA компаниясининг 5 фоизини харид қилади.