Японияда сакура гуллаш мавсуми очиқ деб эълон қилинди. Япон олчасининг бу йилдаги илк гуллари Токиодаги Ясукуни ибодатхонасидаги махсус "назорат" дарахтида пайдо бўлди.

Жорий йилда Токиода сакура охирги 9 йил ичида биринчи марта, ҳаттоки жанубий ҳудудлардан кўра эрта гуллади. Метеорологларнинг статистикасига кўра, Токиода сакура ўтган йилдагига ўхшаб одатдагидан 5 кун олдин гуллади. 

Токиода расман сакура гуллаши мавсуми махсус "назорат" дарахтида илк 5 дона гул очилгандан кейин очиқ деб ҳисобланади. Бу дарахтни Япония метеорологик бошқармаси инспекторлари кузатиб боришади. Улар март бошидан барча олчазорларни назорат қилиб боришади. Бунга масъул ходим 21 март эрталаб Ясукуни ибодатхонасига келиб, сакура шохларида пушти ғунчалар ниш урганини қайд қилди ва "Токиода сакура гуллади" деб эълон қилди. 

Бироқ бу хабар омма томондан одатдагидек жўшқин қаршиланмади, чунки бугун Токиода ёмғир ёғмоқда. Бироқ япон нашрлари фотомухбирлари ёмғирли об-ҳавога қарамай, мамлакатнинг бош сакура дарахтидаги ҳар бир ғунчани камерага синчковлик билан қайд қилишмоқда. 

Сакуранинг тўлиқ гуллаши вақти март ойи охири ёки апрель бошига тўғри келади. Бу вақтда боғлар ва олчазорлар пушти рангдаги гулларга бурканади. Шу кунлари минглаб одамлар бу мўъжизадан завқ олиш учун боғларга ошиқадилар ва сакура дарахтлари остида пикниклар уюштирадилар.