Амирликларнинг Etihad Airways ва Emirates авиакомпаниялари айни дамда АҚШга учаётган самолётлар бортига электрон қурилмаларни олиб чиқишга тақиқ киритмаган, деб хабар бермоқда Arabian Business нашри.

Аввалроқ Рейтер агентлиги АҚШ ҳукумати сешанба куни тахминан ўн давлатдан Қўшма Штатларга учаётган самолётлар бортига электрон қурилмаларни олиб ўтишга тақиқ киритмоқчи экани ҳақида хабар берганди. Шу билан бирга, тақиқ Америка авиакомпанияларига тегишли бўлмайди. Британиянинг Guardian газетаси АҚШ транспортдаги хавфсизлик маъмурияти 13 давлат авикомпаниясидан йўловчиларни салонда уяли телефон ҳажмидан катта бўлган электрон қурилмаларни олиб ўтишига тақиқ қўйиш ҳақида махфий равишда талаб қилгани ҳақида ёзганди.

Ассошиэйтед Пресс агентлигининг ўз манбаларига асосан хабар беришича, АҚШга учаётган самолётлар портида электрон қурилмаларни олиш ўтиш борасидаги вақтинчалик тақиқ Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларига тегишли бўлади, чеклов тахминан 8-10 та хорижий авиакомпанияни қамраб олади.

Etihad Airways эса айни дамда компаниянинг бу масала бўйича “сиёсатида ҳеч қандай ўзгариш йўқ экани”ни маълум қилди.

"Биз Абу Забидаги АҚШнинг тегишли идоралари билан божхона ва аэропортдаги чегара хизмати орқали ишлаймиз", - дея айтиб ўтди авиакомпания вакили. Унинг сўзларига кўра, компания қандайдир ўзгаришлар юз берса, “йўловчиларни бу ҳақда хавфсизлик нуқтаи назаридан огоҳлантиради”.

Emirates авиакомпанияси вакили сўзларига кўра, компания “айни дамда АҚШга қўлда олиб ўтиладиган юкларга оид ўзгаришлар ҳақида ҳеч қандай билдиришнома олмаган”.

"Emirates тегишли идоралар томонидан тақдим этилган янги тезкор ва норматив талабларни бажаради", - дея қўшимча қилиб ўтди у.