Буюк Британия Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг 6 та давлатидан келувчи йўловчи авиарейсларига қўл юкида электрон қурилмалар олиб ўтишга тақиқлов киритишини эълон қилди. Бу ҳақда "Би-би-си" телеканали хабар бермоқда.   

Тақиқлов ноутбук, планшет, DVD-плеер ва муайян ўлчамдан каттароқ телефонларга киритилган. Таъкидланишича, ушбу тақиқлов аввалроқ АҚШда киритилган тақиқловга ўхшашдир. 

Буюк Британия ҳукумати сайтида маълум қилинишича, тақиқлов Туркия, Ливан, Миср, Саудия Арабистони, Иордания ва Тунисдан келувчи авиарейсларга нисбатан киритилган. Қўл юкида олиб ўтиш мумкин бўлган электрон қурилмалар ўлчамлари узунлигига 16 см, энига 9,3 см ва бўйига 1,5 см дан катта бўлмаслиги керак.