Чехия фуқаролари мигрантларга нисбатан энг танқидий муносабатда экани аниқланди. Eurobarometr агентлиги ЕИнинг барча мамлакатларида шунга доир сўровнома ўтказди. 

Манбага кўра, атиги 14 фоиз чех мигрантларга нисбатан ижобий муносабат билдирган. ЕИда эса бу борадаги умумий кўрсаткич 66 фоизни ташкил қилган. 

"Чехия фуқаролари миграция ва терроризмни ЕИдаги асосий муаммо деб ҳисоблайди. Улар Евроиттифоқ миқёсида миграцияга нисбатан энг салбий муносабат билдиришган - фақат 14 фоиз чех миграцияга ижобий муносабатда бўлган, ЕИдаги ўртача кўрсаткич эса 66 фоизни ташкил қилган. 23 фоиз чех мамлакат қочқинларга ёрдам бериши керак деб ҳисоблайди. Шундан 12 фоизи  миграцияни фойдали деб билади, ЕИда эса бу кўрсаткич ўртача 44 фоиздан иборат. Чехиянинг тахминан 95 фоиз аҳолиси ноқонуний миграция билан бундан-да қатъийроқ курашиш зарур деб ҳисоблайди", - дейилади Еврокомиссия порталига тақдим этилган сўровнома маълумотларида. 

Умуман олганда Европа Иттифоқи келажагини 49 фоиз чех ижобий баҳолаган, 47 фоизи эса - салбий. 13 фоиз чех Европа иқтисодиётининг яхшиланишига умид қилмоқда, 30 фоизи эса унинг ёмонлашишига ишонмоқда, сўровномада иштирок этганларнинг деярли ярми ҳеч қандай иқтисодий ўзгаришларни кутмаётганини билдирган. 

Маълумотларга кўра, аксарият чехлар учун Европадаги асосий қадриятлар тинчлик, хавфсизлик, демократия ва ҳамжиҳатликдан иборат.