Forbes журнали 20 март куни дунёнинг энг бой одамларининг 2017 йилги янги рўйхатини чоп этди. Глобал рўйхатдан бойлиги миллиард доллардан кўпроқ бўлган 2043 киши ўрин олди. Эътиборлиси, улар орасида 5 нафар қозоғистонлик ҳам бор. 

Рўйхатга кўра, Қозоғистоннинг энг бой одамлари орасида 1-ўринни Қозоғистон теннис федерацияси раҳбари ва Қозоғистон президенти ишлари бошқарувчиси Булат Утемуратов эгаллади. Жорий йилда унинг бойлиги 2,3 млрд долларга баҳоланган. Ўтган йили ҳам унинг бойлиги шунчага баҳоланганди. Жорий жаҳон рейтингида Утемуратов 896-ўринни эгаллаб, ўтган йилги рейтингга нисбатан бирданига 125 позицияни бой берган.

Энг бой қозоғистонликлар рейтингининг 2-4-ўринларини "Казахмис" корпорациясининг собиқ раҳбари Владимир Ким ва оилавий жуфтлик Тимур ва Динара Кулибаевларга насиб қилди. Улардан ҳар бирининг бойлиги 2,1 млрд долларга баҳоланган (умумий рўйхатда 973-ўрин). 2016 йилда Кулибаевлар бойлиги 2 млрд долларга, Кимники 1,5 млрд долларга баҳоланганди. 

Энг бой қозоғистонликлар юқори бешталигини ERG компанияси эгаларидан бири,  "Евразийский банк" АЖ президенти Алижон Ибрагимов якунламоқда. Тадбиркорнинг бойлиги 1,9 млрд долларга баҳоланган ва у бир йил ичида 300 млн долларга кўпайган. Ибрагимов жаҳон рейтингида 1098-ўринни эгалламоқда.

Таъкидлаш жоизки, янги рўйхатга кўра Microsoft асосчиси Билл Гейтс кетма-кет 4-йил дунёнинг энг бадавлат одами деб топилди. Унинг бойлиги бир йил ичида 75 млрд доллардан 86 млрд долларгача ошган. Berkshire Hathaway холдинги раҳбари Уоррен Баффетнинг бойлиги эса шу давр ичида 14,8 млрд долларга ошиб, 75,6 млрд долларга етди ва қария Баффетга 2-ўринни эгаллашга имкон берди. Amazon онлайн-ретейлери асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги 72,8 млрд долларга баҳоланиб, унга 3-ўрин келтирган.