Хитойнинг Чжоушань шаҳрида қиз томида электрон реклама таблоси бўлган 900та таксини ўз қаллиғига оила қуриш таклифини билдириш мақсадида икки соатга ижарага олди, деб хабар бермоқда china.org портали.

Таксилардаги рекламага жавоб берувчи компания менежерининг айтишича, қиз тахминан 1,5 минг долларни 16 март куни икки соат давомида “Чжан Цзяньфэн, мен сенга турмушга чиқишни хоҳлайман, менга уйланасанми?” ёзуви чиқиб туриши учун тўлаб берган.

Порталнинг таъкидлашича, шундан сўнг қиз қаллиғи билан боққа келган ҳамда у ерда йигитга “Мен бунга тайёрман, сен менга уйланасанми?” дея савол берди. У эса рози бўлган. Портал маълумотига кўра, боғда уларнинг дўстлари ҳам бўлган.

Аввалроқ Хитойнинг яна бир фуқароси севган қизидан ноодатий усулда унга турмушга чиқишни сўрагани ҳақида хабар бергандик. У қизга тўй совғаси сифатида 33 тонналик тошни келтирди, тошнинг метеорит эканлиги тахмин қилинган.