International Atomic Energy Agency (IAEA - атом энегриясидан тинч мақсадларда фойдаланишдаги ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган халқаро ташкилот) раҳбари Юкия Амано сўнгги йилларда КХДР ўз ядровий салоҳиятини тезкор суръатларда ошираётганини маълум қилди. Wall Street Journal'да шу ҳақида мақола тақдим этилди. 

Аманонинг сўзларига кўра, Шимолий Корея бунга икки йўл билан эришмоқда - плутоний ишлаб чиқариш ва уранни бойитиш. КХДР сўнгги вақтларда уранни бойитишга сарфланувчи маблағни икки баробарга оширди. 

"Биз оптимист бўла олмаймиз. Вазият жуда ёмон. Оптимист бўлишимизга сабаб йўқ", - дейди Амано КХДР ядровий дастурига муносабат билдирар экан. 

Маълумотларга кўра, IAEA раҳбари КХДРдаги атом бомбаларининг сони борасида ҳеч қандай тахмин билдирмаган. 

Унинг фикрича, яқин орада Пхеньян билан сиёсий келишувга эришиш амри маҳол. 

Манбада таъкидланишича, дипломат Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий дастурларини таққослаб бўлмаслиги, вазиятлар ўртасидаги фарқ катта эканини таъкидлаб ўтган.