Чунцин шаҳри (Жануби-Ғарбий Хитой) олимлари атиги икки дақиқада инсоннинг қон гуруҳи ва резус-омилини аниқлаш усулини ишлаб чиқишди. China Daily газетасининг хабар беришича, янги усул нафақат вақт ва қиймат жиҳатидан камхарж, балки лабараториядан ташқарида фойдаланиш учун ҳам қулайдир. 

Қон гуруҳини аниқлаш қон қуйиш, трансплантация, турли кечиктириб бўлмайдиган операциялар, ҳомиладорлик ва бошқа ҳолатларда жуда муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда шифохоналарда бунинг учун лабаратория центрифугалари қўлланади, жараённинг ўзи эса ярим соатча вақтни олади. Бироқ Чунцин 3-ҳарбий тиббиёт университетининг нанотиббиёт гуруҳи мутахассислари бундан-да замонавий усулни ишлаб чиқишди. 

Унинг асосида қон кислоталилигига таъсирчан реагент ётади. Суюқлик намунаси ушбу реактив билан тўйинтирилган қоғозга туширилганда қонда энг кўп тарқалган оқсиллар - альбуминлар - кўрсаткич билан реакцияга киришади. Қон рангининг ўзгаришига қараб қуролланмаган кўз билан унинг резус омилини аниқлаш мумкин бўлади. 

Мазкур дастур бўйича тадқиқотлар 2014 йилдан бери олиб борилмоқда, олимлар бу вақт ичида деярли 3,55 минг қон намунасини ўрганиб чиқишди, ушбу усул аниқлиги эса 99,95 фоизни ташкил этди. 

"Биз яқин бир-икки йилда намуналар сонини кўпайтириб ва аниқлик даражасини янада ошириб, клиник синовларни давом эттирмоқчимиз", - дейди тадқиқотлар гуруҳи раҳбари Чжан Хун. Унинг сўзларига кўра, тиббиёт ходимлари жамоаси мазкур усул аниқлигини 99,98 фоизга кўтармоқчи. 

Мутахассис шунингдек зарур маҳсулотларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун ҳозирда биокимёвий компаниялар билан музокаралар олиб борилаётгани айтди. 

"Бизнинг баҳоларимизга кўра, янги усул мавжуд технологиялардан 40 фоизга арзон бўлади. Унинг яқин уч йил ичида бозорга чиқишига умид қиламиз", - деди Чжан Хун.