Қорақалпоғистон Республикасида байрам тадбирлари ўтказилишига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш даврида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради Kruz.uz.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Шукурилло Аюбовнинг хабар беришича, байрам тадбирлари ўтказиладиган маскан ва майдонларнинг аниқ рўйхати тузилиб, 589та масканларда текширишлар ва ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилди, 9328та ахоли турар жойлари ва 132та кўп қаватли уйларда ёнғинга қарши текширувлар ўтказилиб, аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди. Ҳар бир хонадонда ёнғиннинг олдини олиш йўналиши бўйича йўриқномалар ўтказилиб, махсус китобга қўл қўйдириш йўли билан кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 53 нафар фуқароларга жами 2 млн 291 минг 560 сўм миқдорида жарима солинди, ёнғин хавфида турган 9 та масканнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди ва 253 та носоз газ ҳамда электр ускуналаридан фойдаланиш тақиқлаб қўйилди. Камчиликлар юзасидан маҳаллий ҳокимликларига 22 маротаба, юқори ташкилотларига 54 маротаба ахборот хатлари ва тақдимномалар киритилди.

Байрам тантаналари ўтказиладиган масканлар ва улар атрофида жойлашган корхона-ташкилот, муассаса ҳамда аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 192 нафар ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлар жалб этилиб, асосий байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда 21та ёнғин ўчириш автомобиллари навбатчилиги ташкиллаштирилди. Корхона ва ташкилотлар, ўқув ва даволаш муассасаларида ҳамда маҳаллаларда 456 маротаба учрашувлар ўтказилди.