Марокаш шимолидаги Танжир-Татуан-Ал-Хосийма минтақасида 100 минг киши учун ишчи ўрин яратиладиган юқори технологияли саноат шаҳри барпо этилади. Бу ҳақида ТАСС агентлиги хабар берди

Душанба куни қироллик ҳукумати ва Хитойнинг Haite Group компанияси тантанали шароитда шунга мувофиқ шартномани имзолади. Маросим Танжирдаги саройда қирол Муҳаммад VI иштирокида бўлиб ўтди. 

Муҳаммад VI Танжир Тек (Cite Mohammed VI Tanger Tech) номини олувчи шаҳарнинг қад кўтариши тахминан 1 миллиард долларга тушади ва унинг қурилиши 10 йилдан кейин якунланади. 

Кенг кўламли лойиҳа ташаббускорларининг сўзларига кўра, гап "100 минг ишчи ўринни яратишга қодир иқтисодий майдонни барпо қилиш" ҳақида бормоқда. Икки минг гектар майдонда жойлашувчи янги шаҳарнинг қурилишига 2017 йилнинг иккинчи ярим йиллигида старт берилади. 

Муҳаммад VI Танжир Тек шаҳри ҳудудида 200 хитой компанияси ўрин олади. Мазкур компаниялар автомобилсозлик, авиация саноати, электроника, тўқимачилик саноати, станоклар ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда фаолият юритади. 

Haite Group компанияси президенти Ли Биао маросимда иштирок этар экан, "хитойлик операторларга очиладиган йўналишлар орасида Марокаш ўзининг ишончлилиги ва кўплаб устувор жиҳатлари билан олдинги ўринларда туриши"ни таъкидлади.