Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бугун, 21 март куни Наврўз байрами тантаналарида иштирок этди. Бу ҳақида Оқ ўрда матбуот хизмати хабар берди. 

ФОТО: АКОРДА

Давлат раҳбари "Сариарка" велотрекидаги чиқишида Қозоғистон аҳлини Наврўз байрами билан қутлади. Назарбоев Наврўз қозоқ халқининг севимли байрамларидан бири ҳисобланиши, унинг кўп йиллик тарихга эга эканини таъкидлади. 

Шу билан бирга давлат раҳбари Наврўзнинг ишонч, дўстлик, биродарлик ва барқарорлик тимсоли эканига эътибор қаратди. 

"Бу йил биз Наврўзни ўзгача кайфият билан кутиб олмоқдамиз. Қозоғистон жиддий янгиланишни бошлади. Мен сиёсий ва иқтисодий тизим ислоҳотлари кўзда тутувчи Учинчи модернизация дастури тўғрисида эълон қилдим.

Биз Конституцияга давлат бошқарувини яхшиловчи муҳим тузатишлар киритдик. Мустақиллигимиз кафолатлари, шунингдек бирлик ва ҳамжиҳатлик янада мустаҳкамланади. Бу келажакка ишонч билан қараш ва замонавий дунё қийинчиликларини енгиб ўтиш имконини беради", - деди давлат раҳбари. 

ФОТО: АКОРДА

Нурсултон Назарбоев ўз чиқишида баҳорий янгиланиш ва миллий қадриятларни алоҳида таъкидлаб ўтди. 

"Наврўз кунлари инсонларнинг қалби қувончга тўлади. Байрам кунлари одамлар бир-бирлариникига меҳмонга боришади, эски араз-гиналарни унутишади ва яқинларига фаровонлик ва бахт тилашади. Наврўз бизга хайрия ва муҳтожларга ёрдам бериш каби мангу қадриятларимизни ёдга солади", - дея қўшимча қилди у. 

ФОТО: АКОРДА

Шунингдек Қозоғистон президенти "Хон Шотир" савдо-кўнгилочар маркази ёнида жойлашган этноовулга ташриф буюрди. Бу ерда миллий буюмлар кўргазмаси ва спорт мусобақалари бўлиб ўтди.