Ўзини Turkish Crime Family деб атовчи хакерлик гуруҳи агар Apple компанияси уларга пул тўламаса, унда ўзи танлаган исталган iPhone смартфонидаги маълумотларни ўчириш билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда Motherboard нашри хабар бермоқда

Хакерлар iCloud булутли хизматидаги катта ҳажмдаги маълумотга ва Apple фойдаланувчиларининг 300 млн электрон адресига эгаликларини айтиб, товламачилик қилмоқдалар. Улар ўзларидаги бу маълумотларни ўчириб ташлаш учун биткоинларда 75 минг доллар ёки 100 минг долларлик iTunes совға карталарини талаб қилишмоқда. Хакерлар агар компания 7 апрелгача сўралган пулни тўламаса, iCloud’нинг бир қанча аккаунтларини ўчириш ва бир нечта танлаб олинган iPhone’даги маълумотларни масофадан туриб ўчириш билан таҳдид қилмоқда.

Хакерлар ўз сўзлари исботи сифатида Apple хавфсизлик хизмати билан ёзишмалари скриншотини ва ўғирланган аккаунтлардан бирига бузиб киришлари тасвирланган видеони намойиш қилишган.