Аргентинанинг Ла-Риоха шаҳри аэропортида Austral компаниясининг самолёти ухлаб қолган авиадиспетчерлар туфайли ерга қўна олмади, деб хабар бермоқда Opinion Austral маҳаллий портали.

Хабарга кўра, самолёт учувчиси саккиз дақиқа давомида аэропорт устида учиб юрган ҳамда диспетчерлар билан алоқа ўрнатишга интилган, бироқ ҳеч қандай жавоб олмади.

Ла-Риоха аэропорти эрталабки соат еттида ўз ишини бошлайди, бироқ авиадиспетчерлар бироз эртароқ келиб, самолётларни қабул қилишга тайёр туришлари керак. Бу сафар улар уйғонишга улгуришмади ва муаммоли вазият юзага келди.

Авиадиспетчерлар маҳаллий ассоциацияси вакили Густаво Кирога эса шундай фикрни билдирди: “Агарда йўловчи самолёти белгиланган муддатдан аввал келса, бу компания муаммоси, сабаби улар ўз парвозлари вақтини аниқ ҳисоб-китоб қилишмаган, бироқ якунда ҳар доим диспетчерлар айбдор бўлиб чиқади”.

Унинг сўзларига кўра, диспетчерлар биринчи самолёт келишидан бир соат аввал ишга келишга мажбур эмаслар. "Улар 24 соат ишламайди, шунинг учун учувчининг айтганидек – улар қўмондонлик-диспетчерлик пунктида ухлаб қолишлари мумкин эмас”, - дея маълум қилди Кирога.