Саудия Арабистони ҳукумати АҚШга рейсларни амалга оширувчи самолётларга планшетлар олиб чиқилишини тақиқлади. Бу ҳақда Саудия янгиликлар агентлиги маълумот берган.

Қиролликнинг фуқаролик авиацияси бошқармасида маълум қилинишича, бундай тақиқлар Ар Риёддаги қирол Холид номидаги аэропортда, Жиддадаги қирол Абдул Азиз номидаги аэропортда жорий қилинган. 

Бошқарма АҚШга парвозларни амалга оширувчи компанияларга тегишли огоҳлантиришларни йўллаган. Саудия Арабистонидан АҚШга йўл олган йўловчилар ёнидаги электрон қурилмаларни, планшетлар ёки ноутбукларни топшириши керак бўлади. 

Бундан олдинроқ Reuters агентлиги Америка ҳукумати ўндан ортиқ давлатдан келувчи самолётларнинг авиайўловчиларига электрон қурилмалар билан мамлакат ҳудудига киришини чеклашни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. Бундай тақиқ мобил телефонлардан катта ҳажмдаги қурилмаларга тааллуқли эди. Агентликнинг тахмин қилишича, бу хавфсизликни таъминлаш чорасидир. АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлигида ҳозирча бундай чеклов сабаби бўйича изоҳ берилмаган.