Шимолий Корея ОАВ ўзига хос ташвиқот ролигини тақдим этди. Унда КХДР Қуролли кучларининг Америка самолётлари ва авиаташувчисини яксон қилиши тасвирланган, деб хабар бермоқда Daily Mail нашри.

Кадр ортида аёл сухандон “пичоқ авиаташувчининг томоғига тиқилгани, бомбардимончи эса олов оқими туфайли ерга қулаши” ҳақида хурсанд бўлиб гапириб берди.

Фотомонтаж учун материал сифатида АҚШ ва Жанубий Кореянинг Foal Eagle номли қўшма машқлари ҳақиқий тасвири ишлатилди. Машқлар 2017 йилнинг мартида бошланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар давом этмоқда.

Аввалроқ шимолий кореяликлар етакчиси Ким Чен Ин АҚШни ядро бомбаси орқали “кулга айлантириб қўйиш” билан таҳдид қилди. Бу ҳолат агарда америкаликлар “Шимолий Корея томонга ҳеч бўлмаса битта ўқни узишса” рўй берар экан. 

Маълумот учун, АҚШ ва КХДР ўртасидаги муносабатлар Пхеньян томонидан қатор ракета синовлари ўтказилганидан сўнг янада кескинлашди.