Technovation Challenge - халқаро инновацион танлови Ўзбекистонда ҳам ўтказилади

Технология 21 Март 2017 1404

Technovation Challenge халқаро танлови жорий йил бошида Ўзбекистон Болаларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси ташаббуси билан  Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида илк маротаба очилган эди. 

Қуйидагилар ҳам танлов ташкилотчилари ҳисобланади:
Тошкент шаҳар Ҳокимияти,
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси,
Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, 
БМТ ҳузуридаги “Ўзбекистонда давлат хизматлари сифатини яхшилаш бўйича  электрон давлат  тараққиётини илгари суриш” лойиҳаси,
Тошкентдаги Инха университети,
“UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази.

Technovation Challenge  – халқаро таълим дастури (танлов) бўлиб, дунёнинг 78 мамлакатида самарали ташкиллаштирилиб борилмоқда. Унинг мақсадлари сирасига хотин-қизларни IT, аъни ахборот технологиялари  соҳасига жалб этиш, танқидий фикрлашни ривожлантириш, тадбиркорлик ва дастурлашни ўргатиш каби вазифалар киради. Дастур 2010 йилдан бери оламга донғи кетган Google, Adobe, Intel, Oracle ва Dropbox сингари глобал IT  компаниялари ёрдамида ўтказилади ва амалга оширилади.

Танловда қатнашаётган жамоалар, БМТнинг 6 та устувор мақсади саналган “қашшоқликка қарши курашиш, таълим, тенглик, саломатликни сақлаш, атроф-муҳитни асраш ва тинчликни мустаҳкамлаш” мавзусидаги вазифалардан бирини танлаб, ижтимоий муаммони ҳал эта оладиган мобил илова яратишлари керак. 

Жамоа 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган 5 нафар қиздан иборат. Мураббийларнинг аксарияти  бизнес ҳамда ахборот технологиялари ва муҳандислиги таълим йўналишларида таҳсил олганлар. Танлов 12 ҳафталик дастурга асосаланган бўлиб, унда жамоалар мураббийлари билан тайёргарлик кўрадилар ва дастурлаш билан шуғулланадилар.

LimitBusters жамоасининг мураббийси, маркетинг ва бизнес режалаш бўйича мутахассис  Наталья Юсупова “мен учун ҳам енгил ва ўз навбатида ўта қийин бўлган ушбу кўрик танловда устозлик қилиш ва жамоа тузиш илк тажриба бўлди. Дастур бўйича иш бошлаганимизда илова учун ғоямиз йўқ эди. Кейин мобил иловада муаммони қандай кўрсатишга эътибор қаратдик. Жамоанинг баъзи аъзолари мен каби  биринчи марта дастурлашни ўрганмоқда. Бошлаш қийин кечди. Бироқ қизларимиз мақсад сари интилувчан, фаол ва ҳеч қачон ютқазишни истамагани учун биз тез натижага эришдик ва айни дамда кодлаш ҳамда бизнес режа устида иш олиб бораяпмиз. Мен қизларнинг ота-оналарига, фарзандларини ҳар томонлама устуворликка эришишида ва уларни Ўзбекистонда IT соҳани тараққий эттиришда дастаклаётганлари учун миннатдорчилигимни изҳор этаман ва бўлғусида дастурловчи қизлар сони кундан кунга ортишига ишонаман” деб муносабат билдирган.

LimitBusters жамоасининг аъзоси Севиля Исламова “ТАТУ қошидаги лицейнинг иккинчи босқичида ўқийман ва мактабдаги илк дамларимдаёқ математика ва физика менга жуда ёқар эди. Доимо коинотимизнинг ҳаракатланиши ва қандай пайдо бўлганига қизиқар эдим. Келажакда фанга салмоқли ҳисса қўшишга умид қиламан.

Лекин дастурлаш билимларисиз мендан олима чиқиши қийин ва айнан шу мақсадда танловда қатнашиш учун мамнуният билан рўйҳатдан ўтдим. Бу ерда дастурлаш, менеджмент ва маркетинг борасида кўплаб фойдали билимларга эга бўламан. Бизнинг жамоа аҳилликда ишламоқда ва ўрганмоқда. Чунки эътиборимизни муваффаққият ва ғалабага қаратганмиз” деб ўз таассуротлари билан бўлишди. 

Кўпроқ янгиликлар