АҚШ қўшинлари 2011 йилда Ироқни тарк этмасликлари керак эди, деб айтди АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий билан Оқ уйдаги учрашувда.

Трамп, шунингдек, Ироқнинг ҳозирги ҳукуматининг ИШИДга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. "Албатта, биз кетмаслигимиз керак эди. Биз буни қилишимиз шартмасди. Натижада бўшлиқ ҳосил бўлган ва биз кейин нима бўлганини ҳозир муҳокама қилдик", деб айтди Трамп.

"Мен сиз катта саъй-ҳаракатлар амалга ошираётганингизни биламан. Генерал Мэттис, генерал Макмастер ва Рекс Тиллерсон сиз ўз ишингизни яхши бажараётганингизни айтишди. Бу осон иш эмас, бу мураккаб иш. Аскарларингиз оғир жанглар олиб бормоқдалар", деб Ироқ ҳукумати ишига юқори баҳо берди Трамп.

Трамп ва ал-Ободий ИШИДга қарши курашни муҳокама қилишди. "Биз ИШИДдан халос бўлмоқчимиз ва бу ҳозирдаёқ юз бермоқда", деб айтган Трамп. Унинг фикрича, "охирги 5-6 ҳафта ичида кўп нарса ўзгарган".

Трамп учрашувда Барак Обама томондан тузилган Эрон ядровий дастури бўйича келишувни яна бир маротаба танқид қилди.  

Ал-Ободий ироқлик ҳарбийлар ихтилоф ҳудудидан келган қочқинларга қандай ёрдам бераётганлари ҳақида сўзлаб берди. У Трамп АҚШга фуқаролари кириши вақтинчалик тақиқланган давлатлар рўйхатидан Ироқни чиқариб ташлагани учун АҚШ президентига  миннатдорчилик билдирди.