«Арсенал» бош мураббийи сифатида қолиши ойдинлашган Арсен Венгер ёзги трансферлар вақтида жамоа етакчилари Месут Ўзил ҳамда Алексис Санчесни сотиб юбормоқчи. Бу ҳақда The Times хабар тарқатди.

Ушбу футболчиларнинг шартномалари муддатлари 2018 йилнинг ёзига қадар тузилган бўлиб, бу шартномалар шу вақтгача узайтирилмади. ОАВда ушбу футболчилар ҳаддан ташқари кўп маош талаб қилаётгани туфайли келишувга эришилмагани айтилган.

Шунингдек, Арсен Венгер ва ушбу футболчилар ўртасидаги муносабатлар совуқлашган.

Хабарда айтилишича, Венгер ушбу футболчиларнинг трансфери орқали тушган маблағларни жамоани қайтадан қуриш учун йўналтирмоқчи.

Айни вақтда Санчесга Англиянинг бир қатор жамоаларидан, хусусан «Челси» ва «Манчестер Сити» ҳамда хориж чемпионатларидан талаб мавжуд. Раҳбарият уни ички чемпионатдаги рақибларга бермоқчи эмас. Кўп эҳтимол билан у «ПСЖ»га трансфер қилиниши мумкин. 

Месут Ўзил эса «Реал»га қайтиши мумкин. Жамоа ушбу футболчиларни 75 миллион фунтга пуллаши мумкин.