Литва фуқароси Эвалдас Римасаускас сохта компания номидан юборилган электрон мактублар воситасида 100 миллион доллардан ортиқ пулни ўмарганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлигининг Нью Йорк штати Жанубий округи бўйича бўлими сайтида маълум қилинган. 

Хабарларга кўра, хакер Литвада сохта фирмани рўйхатдан ўтказган. У фирмасини Осиёнинг компьютер ускуналари ишлаб чиқарувчиси билан бир хил номланган. Эвалдас Америка компаниялари билан боғланиб, улардан иккитасини алдов йўли билан сохта фирма ҳисобига 100 млн доллардан ортиқ маблағни ўтказишига кўндирган. 

Алданган компаниялар осиёлик етказиб берувчи билан ҳамкорлик қилгани боис, чалғиб қолгани айтилмоқда. Пуллар Римасаускаснинг Латвия ва Кипрдаги банк ҳисоб рақамларига ўтказилган. Шундан сўнг, ғаразгўй пулларни бутун дунё бўйлаб бошқа ҳисоб рақамларига ўтказган. 

Таъкидланишича, Римасаускас мазкур услубидан 2013-2015 йилларда фойдаланган. Хакер Америка ҳукумати талаби билан Литвада қўлга олинган. Унга 20 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.