Россиялик қўшиқчи Юлия Самойловага Украина ҳудудига кириш тақиқланди. Шу сабабли қўшиқчи жорий йилда Украинада ўтадиган "Евровидение" мусиқий танловида иштирок эта олмайди. Украина қонунларига кўра, қўшиқчи Қримга ташриф буюргани сабабли унга Украинага кириш тақиқланди. 

Самойловага Украина ҳудудига 3 йил муддатга киришни тақиқлаш қарори Украина хавфсизлик хизмати томонидан қабул қилинди. Қўшиқчига Украинага киришни тақиқлаш ҳақдаги гаплар аввал ҳам юрганди, бироқ 22 мартгача ушбу вазият бўйича расмий баёнот берилмаганди.

"Евровидение" танловида Россияни Юлия Самойлова билдириши 12 март куни маълум бўлганди. Бу қарор жамиятда катта баҳс келтириб чиқарган. Кўплаб журналистлар ва мутахассислар ногирон Самойлованинг танловга номзоди сиёсий мақсадлар сабабли илгари сурилганини айтишган: гўёки Россия Самойловага Украинага кириш тақиқланишини олдиндан билган ва бу ҳолат Европа Иттифоқи олдида Украинани ногиронларни таҳқирлашда айблашга асос берарди.  

Таъкидланишича, россиялик қўшиқчининг Украинага киришининг тақиқланиши унинг 2015 йилда Қрим республикасининг Керчь шаҳридаги концертда иштирок этгани билан боғланган. Украина Қримни Россия томондан босиб олинган ҳудуд деб ҳисоблайди. 

Аввалроқ Европада Украина хавфсизлик хизмати танловга барча давлатлар вакилларини қўйишга чақирилганди. 

Россия ташқи ишлар вазирлигида Украина томонининг бу қарори "орсиз ва бешафқат" деб аталди.  

Ҳозирда 27 ёшда бўлган Юлия Самойлова 13 ёшида таянч-ҳаракат тизимидаги муаммо сабабли 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган. У ногиронлар аравачасида ҳаракатланади.