Кун.uz сайти Фарғона вилояти Бағдод тумани Бордон қишлоғидан мактуб олди. Унда янги мактаб қуриш бўйича қишлоқ аҳолисининг мурожаати охир-оқибат ижобий ҳал этилгани ёзилган. 

Қуйида ушбу мактубни эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Фарғона вилояти Бағдод тумани Бордон қишлоғида жойлашган 14-мактабнинг асосий биноси 1974 йилда ҳашар йўли билан пахсадан қурилган. Хоналар қоронғу, зах, парталар уч қатор жойлаштирилгани учун жудаям тор, қисқа қилиб айтганда замонавий талабларга умуман жавоб бермайди. Ушбу ҳолат юзасидан бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилинган. Натижада 2005 йилда спорт зал ва 4 та замонавий синф хона қурилган холос. 

“1974 йилдан буён тўлиқ икки сменада дарс бўлмоқда. Қўшимча тўгарак ва машғулотлар учун умуман хона етишмайди”, – дейди нафақадаги ўқитувчи А.Даминов.

2017 йил давлат дастурида ушбу мактаб учун ҳам қўшимча бино қуриш кўзда тутилгани қишлоқ аҳолисини жуда қувонтирганди. Бироқ бор-йўғи 80 ўринли “биноча” қурилиши ҳафсалани пир қилди. Чунки ушбу қурилиш қишлоқ эҳтиёжини умуман қондира олмаслиги маълум эди.

2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ва шунга монанд давлат идораларининг эшиклари оддий халқ учун очилиши айни муддао бўлди. Қишлоқ фаоллари бир неча бор юқори ташкилот ва вазирликлари мурожаат қилишлари ўз натижасини берди. Ҳатто Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳам қишлоққа келиб мавжуд ҳолат билан танишди. “Ҳатто” дейишга асос бор, чунки бу қишлоқ депутатларни фақат сайловолди ташвиқотларида кўришар, сайловдан сўнг халқ вакили қорасини ҳам кўрсатмас эди. 

Бир неча ташкилотлар саъй-ҳаракти билан Бордон қишлоқ ўқувчилари 2017-2018-ўқув йилини янги замонавий бинода бошлашлари ҳаммани мамнун қилди. 20 март куни ушбу мактабга янги 315 ўқувчига мўлжалланган бино қурилиши тўғрисидаги ҳужжат тасдиқланди. 

Демак, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили юртимизнинг чекка қишлоқларида ҳам ўз мевасини бермоқда. Шу муносабат билан Фарғона вилояти Боғдод тумани Бордон қишлоғи фуқаролари ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшган мутасадди идораларга, жумладан Молия вазирлиги ва унинг Фарғона вилояти бошқармасига, Халқ таълими бошқармасига, вилоят ва туман ҳокимликларига ва Боғдод туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бошлиғи Фозилбек Боҳодировга самимий миннатдорчилигини изҳор қилади”.