Эркин бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга самарали таъсир кўрсатадиган оилавий бизнес муҳим ўрин тутади. Тадбиркорликнинг ушбу тури кўп асрлик тарихга эга бўлиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одат ва анъаналар, ҳунарманд-усталарнинг маҳорати билан чамбарчас боғлиқдир.

Фарғона вилоятининг Қува туманида истиқомат қилувчи Шерзод Мирзаев бир неча йиллардан буён сават тўқиш билан шуғулланади. Унинг қўл меҳнати мамлакатимизнинг ҳар бир хонадонига кириб борган десак муболаға бўлмайди. Тўқима саватлар бежирим, табиий маҳсулот бўлиб, айни пайтда фойдаланиш учун қулай ва нархи арзондир. Одамлар қадимдан бундай уй анжомларидан фойдаланиб келган. Бугунги кунда ҳам саватлар ўз харидорига эга, асосийси, мустаҳкамлиги боис бир неча авлодга хизмат қилади.

Тол дарахтининг сараланган новдаларини дошқозонда қайнатиб, сўнг уларни офтобда оби-тобида қуритиш, улардан бежирим саватлар тўқиш устага катта завқ бағишлайди. У тўқиган катта-кичик, пишиқ, рўзғорбоп, шунингдек, совғабоп саватлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Отамерос ҳунар билан рўзғор тебратиб, даромад топаётган Шерзод қишлоғидаги кўплаб ёшларни шогирдликка олиб, маҳорат сирларини ўргатиб келмоқда. Ишни самарали ташкил қилиш учун уларга барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Ўз эгасини кутиб турган бежирим маҳсулотлар эътиборни тортади. Бу ерга ташриф буюрган одам эстетик завқ олади, кайфияти кўтарилади.

Нафис, ўзига хос, экологик тоза ва енгил тўқима уй анжомлари хонага қулайлик ва кўрк бахш этади. Ушбу саватлар нафақат ўзбекистонликларни, балки хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотган. Ҳунарманд яратган бу махсулотлар хорижликлар томонидан ўтказиладиган турли кўргазмаларни безаб турганини кўришимиз мумкин. Бир қарашда саватларни тўқиш осон ишдек туюлади. Аслида бу ҳунарни эгаллаш учун катта қизиқиш керак бўлади, саватнинг турли шаклдаги ҳар бир деталини тайёрлашда катта эътибор ва сабр талаб этилади.

Халқимиз томонидан юксак қадрланадиган бундай саватларнинг бетакрор бўлишига қўл меҳнати билан эришилади. Тўқувчи талаб этиладиган хомашёни маҳаллий хонадонлардан харид қилади, айрим новдаларни эса ўзи ўстиради. Шерзод Мирзаевнинг истиқбол режалари янада улкан ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, соҳага қизиққан ёшлар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Энг муҳими, ҳунарманд давлатимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайли ўз олдига қўйган мақсадларига эришишига қатъий ишонади.

Aҳрор Зиё, Фарғона