22 март, чоршанба куни XV асрда Грециянинг шимоли-шарқидаги Дидимотихо шаҳрида қурилган усмонийлар масжидида катта ёнғин чиқди. Бу ҳақида маҳаллий амалдорларнинг маълумотига асосланиб, Daily Sabah нашри хабар берди

"Ҳозирча ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ҳақида аниқ маълумот йўқ", - дейди Туркия билан чегарадош Фракия вилояти бош ўт ўчирувчиси Натанайл Ригас. 

Дидимотихо мэри Параскевас Пацуридиснинг сўзларига кўра, Боязидлар масжидининг ёғочдан ишланган ҳашаматли томи жиддий талофот кўрди. 

Маълумотларга кўра, том тўлиқ вайрон бўлган. 

Масжидда чиққан ёнғинни ўчириш учун 50 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинди. 

Маҳаллий полиция хабарига кўра, сешанба куни масжидда олиб борилаётган пайвандлаш ишлари жараёнида кичик ёнғин чиққан, лекин тезда ўчирилган, бугунги ёнғин ҳам шунинг таъсири бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Мэрнинг айтишича, маҳаллий вақт билан соат 01:00да масжидда ёнғин чиққан пайтда ҳеч қандай иш бўлмаган.

Султон Боязид I ташаббуси билан қурилган ва унинг шарафига номланган, ибодат учун фойдаланилмайдиган масжид Европа жануби-шарқидаги энг катта масжид ҳисобланиб, у ноёб меъморий ва тарихий аҳамиятга эга. 

Грециянинг Фракия минтақасида 100 000 га яқин туркиялик яшайди.