Хитой божхона ходимлари Ҳонгконгдан Шэньчжэнь шаҳрига ноқонуний йўл билан 1000 та олмосни олиб ўтишга уринган йигитни қўлга олишди. Бу ҳақида "Синьхуа" агентлиги хабар берди

Манбага кўра, 13 март куни Шэньчжэнь божхона ходимлари контрабандада гумон қилинаётган йигитнинг пойабзали патаги остидан 212,9 каратли олмосларни топишган. Гумондор қимматбаҳо тошларни Ҳонгконгни Хитой шаҳарлари билан боғлайдиган Лухо порти орқали олиб ўтмоқчи бўлган.

"Йигит шубҳали кўринди, у вақти-вақти билан оёқлари учига туриб оларди. Бизнинг қараётганимизни сезганидан кейин  тўғри юра бошлади", - дейди божхона ходимларидан бири. 

Божхона ходимлари йигитдан пойабзални ечишни сўрашди ва пойабзал патагидан олмослар солинган бир неча пакетни топишди. 

Мазкур иш юзасидан тергов йўлга қўйилган.