2017 йилнинг кузида Исроилда Blue Flag – ҳарбий-ҳаво кучларининг мамлакат тарихидаги энг йирик машқлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Defense News ёзмоқда.

Машқларда иштирок этиш учун АҚШ, Греция, Польша, Франция, Германия, Ҳиндистон ва Италия давлатлари вакиллари таклиф этилди. Ҳаммаси бўлиб 100дан ортиқ жанговар самолётлар қатнашиши мўлжалланган. Машқларни 40дан ортиқ давлат вакиллари ҳамда ҳарбий атташелар кузатиб боради.

«Бу Исроил ҲҲК учун тарихдаги энг йирик машқлар бўлади», - дея маълум қилди Исроил мудофаа армиясининг халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи подполковник Ричард Гехт.

У машқлар айнан қандай йўналишларда бўлиб ўтишига ойдинлик киритмади. Нашрнинг таъкидлашича, аввалги Blue Flag’да қатор ўқув-машғулот парвозлари амалга оширилган бўлиб, уларда ҳаво жанги, ер устидаги мобил ва стационар нишонларга аниқ зарба бериш ҳамда РҚМни бузиб ўтиш бўйича вазифалар бажарилган.

Blue Flag 2013 йилдан бери ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади, одатда уларнинг давомийлиги икки ҳафтани ташкил этади.