Ўзбекистон ва Канада ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги арафасида ушбу давлатнинг Ўзбекистондаги (қароргоҳи Москва шаҳрида жойлашган) Фавқулодда ва мухтор элчиси Жон Роналд Кёр икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентиги хабар қилган.

Мазкур муҳим сана муносабати билан юртингизга келиб, бу ерда суҳбатлашиш имконига эга бўлганимдан хурсандман. Канада ва Ўзбекистон ўтган йиллар давомида турли соҳаларни самарали ривожлантириш учун жиддий фаолият олиб борди.

Бугун икки мамлакат алоқаларида янги саҳифа очилмоқда — олдимизда навбатдаги чорак аср турибди. Ишонаманки, биргаликдаги интилишларимиз орқали биз дўстлик ва ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришни давом эттирамиз, муносабатларимиз тарихининг янги саҳифаларини ёзамиз.

Мавжуд салоҳиятни амалга оширишга қодир бўлган самарали савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатилди. Шунингдек, дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганининг 25 йиллиги арафасида UzMining Expo-2017 тадбирида қатнашиш учун Тошкентга Канаданинг кўп сонли вакиллардан иборат гуруҳи ўзбекистонлик шериклари билан икки томонлама муносабатларни кенгайтириш мақсадида етиб келгани қувонарлидир. Бу ҳамкорлигимиз тарихидаги Канада бизнес ҳамжамиятининг энг катта делегацияси эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Мазкур гуруҳ тоғ-кон саноатига ихтисослашган 18 та компания вакилларидан иборат.

Биз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келганмиз ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бугунги кунда қурилиш тармоғидаги технологиялар ва услублар билан боғлиқ барча йўналишларда биргаликдаги фаолиятни йўлга қўйишни мўлжалламоқдамиз.

Сўзим якунида иккала мамлакатнинг 25 йил давомида биргаликдаги фаолияти ҳамкорликни муваффақиятли давом эттиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратганини қайд этмоқчиман. Бизнинг ҳамкорлигимиз кўплаб соҳаларни қамраб олмоқда ва йилдан йилга кўлами кенгайиб бормоқда. Қувонарлиси, бошлаган ишларимиз амалга оширилмоқда ва биз келгусида ҳам икки томонлама алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз.

Фурсатдан фойдаланиб, баҳорнинг гўзал Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон халқига ўзимнинг энг эзгу тилакларимни йўллайман. Барчага мустаҳкам соғлик, бахт, тинчлик, фаровонлик ҳамда Канада ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг давом этишини тилайман.