1-20 март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида аҳлоқ-одоб доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бундай жиноятларга қарши курашиш, шу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахслар ва жиноий гуруҳларни ўз вақтида аниқлаш, аҳлоқ-одоб доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этилиши мумкин бўлган объектларни тезкор-профилактик қамровга олиш борасида махсус амалиётлар ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Шукуролло Аюбов шу ҳақида хабар берди.

Уларда ички ишлар идораларидан 214 нафар, давлат солиқ инспекциясидан 26 нафар ходим ва 234 нафар жамоатчилик вакили иштирок этди. Мазкур вақт оралиғида 491 объект 572 маротаба ўрганиб чиқилиб, улардан 46 ҳаммом, 19 сауна, 21 меҳмонхона, 12 хусусий меҳмонхона, 54 ётоқхона, 2 кинотеатр, 2 видеозал ва видеосалонлар, 18 аудиовизуал маҳсулотларини сотиш дўкони ва шохобчалар, 31 интернет клуб, 2 дискотека, 178 чойхона, 5 бильярдхона ҳамда бошқа турдаги 296 объект ўрганиб чиқилди. 

Йигирма кун ичида 34 маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланиб, Суд томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда жарималар солинди.

Қорақалпоғистон Республикаси буйича фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилишга доир 10 жиноят аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддасига асосан жиноят ишлари қўзғатилди.

Фоҳишалик билан шуғулланишда гумон қилинган 46 нафар шахс тери-таносил касалликлари диспансерига олиб борилиб, тиббий кўрикдан ўтказилди. Шулардан 18 нафар шахсдан тери-таносил касалликлари аниқланди ҳамда бу шахслар жойлардаги шаҳар ва туман ИИБнинг профилактик ҳисобига олинди.