Бразилиянинг Petrobras давлат нефтгаз компанияси 2016 йилни тахминан 4,8 млрд долларлик зарар билан якунлади. Бу ҳақда энергетика компаниясининг сешанба куни тарқатилган ҳисоботида айтилади.

Компания ўтган йилнинг тўртинчи чорагида 812 млн. доллар миқдорида даромадга эга бўлди. Бироқ бу йилни ижобий нисбатда якунлаш учун етарли бўлиб чиқмади.

2015 йилда Petrobras’нинг зарари 9,6 млрд. долларни ташкил этганди. Бу компания тарихидаги энг ёмон натижага айланди. Petrobras’нинг 2014 йилда кўрган зарари, ҳуқуқ-тартибот идоралари энергетика компанияси бюджетидан жуда йирик миқдордаги пулларни ўғирлаш билан боғлиқ схемани ошкор этишгач, 5,9 млрд. долларни ташкил этди.

Бразилияда Petrobras билан боғлиқ коррупция можароси уч йилдан бери жамоатчилик эътибори диққат марказида бўлиб турибди. Полициянинг фикрича, жиноий схемалар иштирокчилари компания бюджетидан бир неча миллиард долларни ўмаришган. Бу вақт давомида тергов изоляторига Petrobras’нинг ўнлаб топ-менежерлари жойлаштирилди, уларнинг кўпчилиги тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди ҳамда мамлакатнинг нуфузли шахслари ҳақида кўрсатмалар беришди. Жиноий ишга 60дан ортиқ сиёсатчи, жумладан амалдаги ва собиқ депутатлар, партия етакчилари ҳамда губернаторлар алоқадор бўлиши мумкин.