Польша мудофаа вазири Антони Мачеревич мамлакатнинг миллий прокуратурасини Польшанинг собиқ бош вазири, Европа кенгашининг амалдаги раҳбари Дональд Туск томондан Россиянинг Смоленскида юз берган авиафалокатнинг тергов қилинишида жиноят содир этилган бўлиши мумкинлигидан хабардор қилди.

Маълум қилинишича, айблов дипломатик хиёнат деб аталувчи модда билан боғлиқ. Огоҳлантиришда айтилишича, Туск бу хиёнатни Польша бош вазири бўлган вақтда Смоленскдаги авиафалокат сабаби ва тафсилотларини аниқлаш билан боғлиқ равишда 2010 йил 10 апрелдан 2017 йил 20 сентябргача амалга оширган бўлиши мумкин. 

Дипломатик хиёнат айнан нимага асосланганлиги маълум қилинмаган. 

Аввалроқ Мачеревич Польша ҳарбий контрразведкаси хизмати ҳам Туск Смоленскда фалокатга учраган самолёт таъмирлашига танлов ўтказганда жиноят содир этган бўлиши мумкинлиги бўйича прокуратурага шикоят берганини маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилда Польшанинг ўша вақтдаги президенти Лех Качиньскийнинг Ту-154 самолёти "Смоленск-Северный" аэропортига қўниш вақтида ҳалокатга учраган. Самолёт бортида 96 киши: 88 йўловчи, жумладан Качиньский ва экипажнинг 8 аъзоси бўлган. Улар Катиндаги мотам маросимига кетаётган бўлганлар. Фалокат оқибатида самолётдаги барча одамлар ҳалок бўлган.

2011 йилда Давлатлараро авиация қўмитаси самолётнинг фалокатга учрашига бевосита сабаб самолёт экипажининг захира аэродромига боришни истамагани бўлганини маълум қилган.