Украина президенти Пётр Порошенко  2016 йилда 67 кишини афв этди, деб маълум қилди матбуот-анжуманда Порошенко маъмуриятининг афв этиш масалалари бўйича департаменти бошлиғи Александр Букалов. 

"Ўтган йили президент томондан 67 киши афв этилди. Шундай бўлдики, 2016 йилда ҳам 2015 йилдагидек сонда одам афв этилган", деб айтди Букалов.

Букаловнинг айтишича, президент 23 кишини уларнинг жазо муддатини қисқартириш билан афв этган, қолганлар эса тўлиқ озод қилинган.

Афв этилганлардан 8 нафари эҳтиётсизлик билан жиноят содир этганлик учун жазоланган. Афв этилганлардан аксарияти катта ёшдагилар бўлиб, улардан 17 нафарининг ёши 60 дан ошган. Букаловнинг айтишича, афв этилганлар хавфли жиноятчилар ҳисобланмайди ва уларнинг озод этилиши Украина фуқаролари хавфсизлигига таҳдид қилмайди.

Букаловнинг таъкидлашича, 2016 йил давомида департамент афв этиш ҳақида 1791 та мурожаат олган, улардан 1435 тасида 1253 нафар судланганнинг озод қилиниши сўралган.