Осиё минтақасидан ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи А гуруҳи иккинчи даврасига 23 март куни старт берилади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Сурияга қарши баҳс олиб боради. ЎФФ расмий сайти ушбу учрашувга превью тайёрлади.

Бўлажак ўйинда Сурия номинал мезбон бўлгани ҳамда мамлакатда сиёсий беқарорлик ҳукм сураётгани учун Осиё футбол конфедерацияси ўйин нейтрал майдонда – Малайзияда ўтказилишини таъминлади.

Мазкур беллашув Малакка шаҳридаги 40 минг мухлисга мўлжалланган Hang Jebat Stadium ўйингоҳида ўтказилади. Ўйин маҳаллий вақт билан соат 20:00да (Тошкент вақти билан соат 17:00) старт олади.

Ўзаро учрашувлар

Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу кунгача Сурия билан 2 марта тўқнаш келган. 1996 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичида сурияликлар 2:1 ҳисобида зафар қучганди. ЖЧ–2018 турнирига учинчи саралаш босқичи 1-турида Ўзбекистон термаси Тошкентда Сурия устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

ФИФА рейтингидаги ўринлар

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни дамда ФИФА рейтингида 63-поғонадан жой эгаллаб турибди. Осиё мамлакатлари орасида миллий терма жамоа Эрон, Жанубий Корея, Япония, Австралия ва Саудия Арабистонидан кейин олтинчи ўринда жойлашган.

Сурия терма жамоаси ФИФА рейтингида 95-ўриндан жой олган. Осиё мамлакатлари орасида Сурия 10-ўринда бормоқда.

Учрашув расмийлари

Сурия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўйин БАА вакиллари бўлган ҳакамлар гуруҳига топширилган. Абдулла Муҳаммад Ҳасан учрашув бош ҳаками этиб тайинланди. Унга қанотларда Муҳаммад ал-Ҳаммадий ҳамда Ҳасан ал-Маҳрий ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам вазифасини Аҳмад Ҳамис ал-Нақбий бажаради.

Ҳакамлар назоратчиси сифатида австралиялик Эдвард МакГрегор иш олиб боради. Учрашув комиссари – Хин Чёнг. Хитойлик Сьяолонг Денг ОФК вакили сифатида ўйинга таклиф этилган.

Йўқотишлар

Бўлажак учрашув олдидан Ўзбекистон терма жамоаси битта йўқотишга дуч келди. Москванинг «Локомотив» клубида тўп сураётган Виталий Денисов «Спартак» жамоасига қарши (1:1) Россия чемпионати 20-турида жароҳат олгани учун Сурияга қарши ўйинни ўтказиб юборади. Сурия термасида йўқотишлар йўқ.

Гуруҳдаги вазият

А гуруҳи 5-туридан кейин Эрон терма жамоаси 11 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Жанубий Корея 10 очко билан 2-ўринни банд қилиб турибди. Кучли учликдан ҳисобда 9 очко бўлган Ўзбекистон терма жамоаси жой олган. Кейинги ўринларни мос равишда Сурия (5 очко), Қатар (4 очко) ва Хитой (2 очко) терма жамоалари жой эгаллаган.

ЖЧ–2018 учинчи саралаш босқичи
А гуруҳи, 6-тур

Хитой – Жанубий Корея (16:35)
Сурия – Ўзбекистон (17:00)
Қатар – Эрон (21:00)