Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Франция Республикаси ҳукумати ўртасидаги Франция тараққиёт агентлиги (ФАР) ва унинг шўъба ташкилоти бўлмиш «Иқтисодий ҳамкорлик учун кўмаклашиш ва иштирок этиш жамияти»ни (ПРОПАРКО) таъсис этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Бу ҳақда UzDaily хабар берган.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги мазкур битим 2016 йилнинг 8 декабрида Германиянинг Ҳамбург шаҳрида имзоланганди.

Ўзбекистон раҳбари Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро келишув кучга кириши учун зарур бўлган ички процедуралар бажарилиши бўйича хатни депозитарийга юборишни юклаган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига  тегишли вазирлик ва бошқармалар раҳбарлари билан биргаликда имзоланган битим кучга кирганидан сўнг Ўзбекистон томонининг халқаро битим доирасидаги мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган.

Франция тараққиёт агентлигининг Ўзбекистонда фаолият олиб боришни режалаштиргани тўғрисида илк бор 2011 йилда хабар қилинган, шундан сўнг музокаралар олиб бориш учун агентлик миссияси ташриф буюрган эди.