Россия президенти Владимир Путин Россияда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳа халқаро террорчиликка қарши курашда ўзини қандай намоён қилаётганидан мамнунлик билдирди.

"Россия қурол-аслаҳаси, унинг ишончлилиги ва самаралилиги Сурияда террорчиларга, Яқин Шарқда террорчиликка қарши курашда намоён бўлмоқда" деб айтди Путин Россиянинг хорижий давлатлар билан ҳарбий-техник ҳамкорлиги масалалари бўйича комиссияси йиғилишида.  

Унинг айтишича, авиация ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимининг жанговар шароитларда қўлланиши учувчилар ва муҳандислик-техник таркибга, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа расчётларига ҳамда ҳарбий йўналишдаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бебаҳо тажриба бермоқда". Президент қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчиларга "улар ҳарбий техникани қўллаш вақтида юзага келган камчиликларни бартараф этишда фаол, тезкор чоралар кўраётганлари" учун миннатдорчилик билдирган.      

Путин 2016 йилда Россия 15 млрд доллардан кўпроқ қурол-аслаҳа сотганини ва хорижга қурол-аслаҳа сотиш бўйича дунёда 2-ўринни эгаллаб келаётганини маълум қилган.  

Путиннинг маълум қилишича, Россия 2016 йилда хорижга 9,5 млрд долларлик қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича янги шартномалар тузган.

"Россиянинг ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлари барқарор талабга эга, дунёнинг 52 та давлатига етказиб берилади", деб айтган Путин.

Путиннинг айтишича, Россиянинг дунё қурол-аслаҳа экспортидаги улуши 23 фоизни ташкил қилади. Бу борада 1-ўринни АҚШ (33 фоиз), сўнгра Россия (23), Хитой (6,2), Франция (6) ва Германия (5,6) эгалламоқда. 

Путиннинг фикрича, "ҳарбий-техник ҳамкорликнинг россиялик иштирокчиларининг аниқ, пухта иши эвазига ушбу ҳамкорлик тизими нафақат глобал бозорнинг қатъий шароитларида рақобат қила олмоқда, балки режавий кўрсаткичларини ошиғи билан бажармоқда". Путин бунга мисол сифатида "РСК "МиГ" АЖ, "НПО машиностроения", "Алмаз Антей", "Вертолеты России" концернларини келтириб ўтди. Путин МиГ ўз режаларини 101 фоизга, "Алмаз Антей" 185 фоизга, "Вертолеты России"  эса 327 фоизга бажарганини таъкидлаб ўтди.