Тошкент шаҳар Сергели тумани 2-сон давлат нотариал идораси ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Ишонч телефони”га қилинган мурожаат Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан ўрганилди. 

Ўрганишда Сергели тумани 2-сон давлат нотариал идорасининг нотариус котибаси ўз ваколати доирасидан четга чиққан ҳолда, фуқароларга хизмат кўрсатиб, фуқароларни қабул қилишда хизмат вазифасига сусткашлик билан ёндашиб, ўз вазифасини бажармасдан, фуқарога нисбатан масъулиятсизлик билан хизмат кўрсатиб, фуқарони “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишига шароит яратганлиги аниқланган. 

Сергели тумани 2-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси ўз хизмат вазифасига лоқайдлик билан муносабатда бўлганлиги ҳамда меҳнат ва ижро интизомига риоя қилмаганлиги учун Сергели тумани 2-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси ва нотариус котибасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддаси асосан интизомий жазо чораси кўлланилди.

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси фуқаролардан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Ягона дарча марказлари, Давлат нотариал идоралари ҳамда ФҲДЁ органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан 262-92-42 “Ишонч телефони”га мурожаат қилишларини сўрайди.