АҚШ президенти Дональд Трамп 21 март куни NASA коинот агентлигининг молиялаштирилиши ҳақидаги қонун лойиҳасини имзолади. Лойиҳада Марсга бошқарилувчи парвозни тайёрлашга маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

"Мен учун бу қонун лойиҳасини имзолаш шарафдир. Бу ҳужжат NASA олимлари, муҳандислари ва фазогирларига уларнинг кашфиётларга интилишларида кўмакни таъминлайди", деб ёзган Трамп твиттердаги саҳифасида.

NBC телекомпаниясининг хабар беришича, қонун лойиҳаси Марсга парвозни NASA’нинг бош мақсади сифатида белгилайди ва коинот агентлигига парвозга тайёрланиш бўйича дастурларни ўтказишга ваколатлар беради.

2016 йилнинг 1 октябрида бошланган 2017 молиявий йилда NASA’га 19,5 млрд доллар, 2018 йилда эса 19,1 млрд доллар ажратиш кўзда тутилган.