Россиялик миллиардер Олег Дерипаска 5 йил давомида АҚШ президенти Дональд Трамп сайловолди штабининг собиқ раҳбари Пол Манафортга 50 млн доллар берган, деб ёзмоқда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда "Associated Press" ахборот агентлиги. 

"Пол Манафорт Россия президенти Владимир Путиннинг манфаатларини илгари суриш мақсадида россиялик миллиардер учун махфий равишда ишлаган", дейилган мақолада. 

2005 йилда Манафорт "Путин ҳукуматига фойда келтириши мумкин бўлган" стратегик режани ёзган. Ахборот агентлигининг таъкидлашича, бу даврда Кичик Жорж Буш бошчилигидаги АҚШ ва Россия ўртасида муносабатлар ёмонлашаётган бўлган.

Маълумотларга кўра, Манафорт 2006 йилда унга йилига 10 млн доллардан тўлаб бориладиган шартномани имзолаган. Ушбу шартнома камида 2009 йилгача, яъни 5 йил амал қилган. 

Манафорт ахборот агентлигига Дерипаска учун ишлаганини тасдиқлаган, бироқ унинг бу ишини ноқонуний деб баҳолаш адолатсиз эканлигини айтган.