Украина Олий радаси АҚШ Конгрессига мурожаат қилиб, Киевга НАТО ташкилотидан ташқаридаги асосий иттифоқчиси мақомини бериш масаласини кўриб чиқиш ҳамда мудофаа келишувини тузишни сўради. Мазкур мурожаатни иккинчи уринишдан сўнг, 232 нафар депутат қўллаб-қувватлаган. 

Ҳужжатда таъкидланишича, АҚШнинг НАТОдан ташқари асосий иттифоқчилари мақомига Австралия, Янги Зеландия ва Япония каби "тинчлик ҳолати"даги мамлакатлар, шунингдек, Жанубий Корея, Афғонистон ва Исроил каби "ҳарбий ҳаракатлар таҳдиди остидаги" мамлакатлар эга. 

Бунда, Украинанинг Шимолий Атлантика блокига киришидан фарқли ўлароқ, Киевга бу мақомни бериш АҚШнинг суверен ҳуқуқи ҳисобланиб, НАТОга аъзо барча мамлакатлар розилигини олиш талаб этилмайди. 

Ҳужжатда таъкидланишича, Украинага бундай мақомнинг берилиши "Россия агрессия"сининг тугашига катта таъсир кўрсатади. 

Бундан аввал, Пётр Порошенко Украинанинг НАТОга кириши бўйича референдум ўтказиш режасини билдирган эди. Унинг айтишича, бу ғояни республика аҳолисининг ярмидан ортиғи қўллаб-қувватлашга тайёр. Бироқ, Американинг Gallup институти ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, Украина аҳолисининг 35 фоизи НАТОни таҳдид деб билади, сўралганларнинг учдан бири ташкилотни ҳимоя сифатида баҳоламоқда.