Венесуэла ҳукумати армия билан биргаликда новвойхона ва нон дўконларини назоратга ола бошлади, улар ишлаб чиқаришни тиклаш ҳамда мамлакатдаги нон танқислиги муаммосини шу тариқа ҳал этиш ниятида, деб хабар бермоқда Nacional портали.

Венесуэланинг аҳоли ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суперинтенданти (армияда моддий таъминот хизматини бажарувчи ҳарбий ходим) Уильям Контрераснинг сешанба куни хабар қилишича, ҳукумат томонидан назорат режими 90 кун давом этади ҳамда фақатгина пойтахт Каракаснинг ўзида бу юзлаб новвойхоналарни ўзига қамраб олиши мумкин. Шу билан бирга, у нон сотиш бўйича белгиланган қоидаларни бузган ишлаб чиқарувчилар бизнесидан маҳрум этилиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди, дея таъкидлайди Nacional портали. 

Нон таъминоти билан боғлиқ оғир вазият дўконлардаги катта навбатларга сабаб бўлди. Ҳукуматнинг фикрича, новвойлар арзон нон пиширмаслик учун ун захирасини атайин беркитишмоқда.

Аввалроқ Венесуэла ҳукумати худди шу йўл билан нарх-наво ошишига қарши курашмоқчи бўлганди. Шу тариқа, 2015 йилда давлат Dia Dia хусусий дўконлар тармоғи устидан назорат ўрнатди.

Венесуэлада баланд нархлар билан кураш бўйича кампания 2013 йилда бошланди. Ўшанда Daka тармоғи мусодара қилинди, унинг барча маҳсулотлари сотиб юборилди. Тармоқ раҳбарияти эса ҳибсга олинди. Ҳукумат маълумотига кўра, Daka’даги маҳсулотлар аслида харид қилинган нархидан минг фоизга қимматроққа сотилган. Мамлакатдаги ички қоидаларга кўра, қўшимча нарх қўйиш миқдори 30 фоиздан ошмаслиги керак.