Ўзбекистон 2017 йилда Қозоғистонга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини 560 минг тоннага (410 миллион доллар) етказмоқчи. Бу ҳақда «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси хабар берган.

Компания маълумотига кўра, 2016 йили Қозоғистонга 307 миллион долларлик 482,6 минг тонна сабзавот, мева, полиз экинлари, узум, дуккаклилар ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу 2015 йилдаги кўрсаткичдан 89,6 минг тоннага ёки 23 фоизга кўп демакдир.

Шу билан бирга, жорий йилнинг январь-февраль ойларида янги ва қуритилган маҳсулот экспорти 22 078 тонна ёки 15,968 млн доллар, озиқ-овқат маҳсулотлари (шарбатлар, мурабболар, салқин ичимликлар, консерва маҳсулотлари) экспорти 3,35 млн АҚШ долларини ташкил қилди. 

«Ўзагроэкспорт» томонидан Қозоғистонда 3та савдо уйи ташкил этилган. Бугунги кунда савдо уйлари билан умумий қиймати 40 млн доллардан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 10та шартнома имзоланди.

Савдо уйлари чакана-улгуржи савдо фаолияти, лойиҳаларни ташкил этиш, маҳсулот етказиб беришни ташкил этиш, божхона шаффофлиги ва озиқ-овқат товарларини реализация қилиш, маркетинг сиёсатини ишлаб чиқиш ва олиб бориш, Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикаларидаги савдо тармоқлари ҳамда бошқа манфаатдор компаниялар билан келишув ҳамда шартномаларга эришиш бўйича хизмат кўрсатади.