Америка полицияси Флорида штатида 75 ёшли Линли Бенсон Лембургни қўлга олди. У Вьетнамдаги уруш вақтида АҚШ қуролли кучлари сафидан қочишда айбланмоқда, деб хабар бермоқда Fox News. У ҳарбий трибунал томонидан суд қилиниши мумкин.

Телекомпания маълумотига кўра, собиқ ҳарбий хизматчи кўп йиллар давомида ўйлаб топилган исм остида яшаб келган. У ҳаттоки ўз рафиқасидан ҳам буни сир сақлаб келгани айтилмоқда.

Лембург қўлга олиш жараёнида қаршилик кўрсатмади, уни шериф идорасига олиб бориб, бармоқ изларини олишган (бу ҳарбий-ҳаво кучлари ҳужжатларидаги маълумотлар билан таққослаш мақсадида амалга оширилди). Кейинчалик эркак Тампадаги ҲҲК базасига, сўроқ ўтказиш учун олиб борилган. Терговчиларнинг фикрича, у АҚШ қуролли кучлари сафидан Вьетнамдаги урушга юбормасликлари учун 1972 йилда қочиб кетган.

"Лембург федерал ҳукуматни алдагани юзасидан текширув ўтказилади. Биз бу қачон рўй берганини аниқлашимиз керак", - дея айтиб ўтди Мэрион округи шерифи вакили Лорен Леттерайер.