Филиппин президенти Родриго Дутерте Россия ва Хитой кемалари унинг мамлакати ҳудудий сувларига кириб келиши ва бу ердан вақтинчалик тураргоҳ сифатида фойдаланиши мумкинлигини маълум қилди. У ушбу давлатлар бу ҳақда Филиппин ҳарбий-денгиз кучлари ва ташқи ишлар вазирлигини аввалдан огоҳлантириши кераклигини ҳам эслатиб ўтди, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, у Хитойдан Жануби-Хитой денгизидаги Скарборо (Хуанъянь) рифи ҳудудида қурилиш олиб бормаслик ҳақида кафолатлар олган, бу ер икки давлат ўртасидаги баҳсли ҳудуд саналади. "Бизнинг дўстлигимиз ҳурмати улар буни бас қиладилар", - дея Филиппин президентининг сўзларини келтиради агентлик.

Пекин бир неча ўн йиллар давомида Осиё-Тинч океани ҳудуди давлатлари билан Жануби-Хитой денгизидаги бир қатор ороллар кимга тегишли экани борасида баҳс олиб боради. Гап Сиша архипелаги (Парасель ороллари), Наньша ороллари (Спратли) ва Хуанъянь (Скарборо рифи) ҳақида боради. Бу баҳсга у ёки бу даражада Вьетнам, Бруней, Малайзия ва Филиппин аралашиб қолган. Энг катта баҳслар оролларда Хитой объектларининг қурилиши билан боғлиқ.

2016 йилнинг июлида Ҳаагадаги халқаро арбитраж қарорига кўра Хитой Жануби-Хитой денгизидаги баҳсли оролларга “тарихий ҳуқуқлари” йўқ деб тан олинди. Пекин суд қарорини тан олмаслиги ҳамда у юридик кучга эга эмаслиги ҳақида маълум қилган.