23 март кунига ўтар кечаси ЖЧ—2018 саралашида иштирок этаётган Германия ва Англия терма жамоалари ўзаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Беллашув Дортмунддаги «Сигнал Идуна Парк» стадионида бўлиб ўтди.

Германиялик ҳужумчи Лукас Подольски учун терма жамоадаги сўнггиси бўлиб тарихга кирди. Бош мураббий Иохим Лёв терма жамоада 2004 йилдан буён 130та ўйин ўтказган футболчининг терма билан хайрлашув учрашуви юқори савияда бўлиши кераклигини таъкидлаганди.

31 ёшли Подольски Германия термасини сардор сифатида майдонга бошлаб тушди. Ўйиндаги ягона гол ҳам айнан Лукас томонидан киритилди ва футболчи юқори нуқтада, мухлислар олқишлари остида терма жамоа билан хайрлашди.

Клуб фаолиятида «Бергхайм», «Кёльн», «Бавария», «Арсенал», «Интер» каби жамоаларда тўп сурган ҳужумчи айни вақтда «Галатасарой» аъзоси ҳисобланади. Мавсум якунлангач у Япония чемпионатига йўл олади.

Терма жамоа учун урган голлари сонини 49тага етказган ушбу футболчи Германия билан икки марта жаҳон чемпионати бронза медали совриндори бўлган, 2014 йилги ЖЧ чемпиони бўлган.