Тошкент шаҳар ҳокимлиги Шанхай мэрияси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ҳужжат 2017—2019 йилларда икки шаҳар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларнинг бутун мажмуини ўз ичига олган. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабар берди.

Муниципалитетлар махсус ишчи гуруҳни тузди, у келишув бандлари бажарилишини назорат қилиб боради. Ҳужжат бизнес ва савдони ривожлантириш, таълим, маданият, туризм ҳамда спорт каби соҳаларни қамраб олади.

Ўзбекистон вакиллари Хитойга ташриф доирасида шунингдек, Шанхайнинг шаҳарлаштириш, қурилиш ва коммуникациялар бўйича комиссияси бош котиби Жин Чен билан учрашди. Учрашувда меъморий иншоотлар қуриш, коммунал соҳани ривожлантириш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ҳамда ободонлаштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама этилди.

Shanghai Construction ва Shangtex компаниялари раҳбарлари билан музокараларда Хитой компанияларининг Тошкент шаҳридаги қатор объектлар қурилишидаги иштироки ҳақида бошланғич келишувларга эришилди.