Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ҳамда дунёга машҳур SAP компанияси (Германия) ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштиришмоқда.

Инҳа университети ректори Сарвар Бобохўжаев ва МДҲ давлатлари бўйича SAP бош директори Илья Юрьев Тошкент шаҳрида музокаралар ўтказишди.

Учрашув давомида томонлар корпоратив иловалар бўйича дунёда етакчи компаниялардан ҳисобланган SAP ва IUT ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболларини муҳокама қилишди.

Сарвар Бобохўжаев ва Илья Юрьев SAP'нинг глобал академик дастури – SAP Альянс Университетида иштирок этиш масаласини кўриб чиқишди.

Ўзбекистондаги компания ва ташкилотларда SAP иловаларини тадбиқ этиш кенг йўлга қўйилгани сабабли томонлар Германия компаниясининг дастурлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш борасида фикр алмашишди.

SAP — корпоратив иловалар бўйича дунёда етакчи компаниялардан бири.   Компания турли шакл ҳамда ихтисослашувдаги ташкилотларга, хоҳ у ёрдамчи хизмат ёки директорлар кенгаши, хоҳ омборхона ёки дўкон, хоҳ статик ёки мобил илова бўлсин, ўз бизнесини самарали бошқаришга кўмак беради.